Биласизми?

“ЙЎҚ” дейишни биласизми?

Ҳаётда ҳар хил вазият бўлади. Кимдир сизга, сиз ҳам кимгадир ёрдам берасиз. Бироқ, шундай ҳолатлар ҳам бўладики, “иложим йўқ” дейишни билмаганингиз учун зиммангизга қийин, ортиқча вазифа ва мажбуриятларни юклаб оласиз.

Шундай одамлар ҳам борки, сизнинг бу одатингиздан ўз мақсади, манфаати йўлида фойдаланади. Хўш, бундай ноқулай ҳолга тушиб қолмаслик учун нима қилиш керак, қандай жавоб қилсак ўзимизни қийнамаган ҳолда сўровчига ҳам ёмон кўринмаслигимиз мумкин?

Қуйида психологларнинг айрим тавсияларини эътиборингизга ҳавола этамиз:

1. Жавобни секинлик билан берманг. Зудлик билан берилган жавобдан кейин сабабларини ўйлаб олишга имконият яратилади.

Масалан, дарров “Узр, иложим йўқ” деб жавоб берсангиз кейин нимага иложингиз йўқлиги сабабларини ўйлаб олиш учун кўпроқ вақтинигз бўлади.

2. Сўровчининг сизга бўлган муносабатидаги қандайдир зиддиятли жиҳатни эсга олинг ва эътиборни шунга қаратинг. Психологик жиҳатдан сиз “хужум”га ўтасиз ва ноқулай вазиятдан осонроқ чиқиб кетасиз. 

Масалан, сўровчи сизга бир вақтлар берган вадасини устидан чиқа олмаган бўлса, шуни эслатиб, нега вадасидан чиқа олмаганини сўранг. Шундан сўнг, сўрагувчи "айбини ювиб олгунча", сиздан сўраганлари эсдан чиқади ёки сўрашга ҳожат қолмайди.

3. Агарда сўровчи билан ўртангизда бирор жиддий муносабатни эслай олмасангиз, уни ўзингиз яратишингиз мумкин.

Масалан, ундан бирор бажариб бўлмайдиган илтимос қилинг. Агарда сизга рад жавобини берса, сизда ҳам унга бемалол “йўқ” дейишингиз мумкин.

4. “Ҳа” дея жавоб бериш ўрнига сўровчини танқид қилинг. Ёки мавзуни унинг учун ёқимсиз бўлган мавзуга буриб юборинг. Шу орқали у сиз билан суҳбатни давом эттириш ёки сиздан бирор илтимосни сўраш истагидан воз кечишга эришишингиз мумкин.

Масалан, сўровчи нимадир қилиб беришни сўради, шуни нега ўзи қила олмаслигини, ҳали ёш эканлигини, кўп нарсани ўргана олишига қурби етишини, нега ялқовлик қилиб вақтини бекорга ўтказаётганини айтишингиз, кифоя.

5. Суҳбатни тўхтатинг.

Масалан, кимгадир муҳим қўнғироқни амалга ошириш кераклигини ёки табиий эҳтиёжни қондиришни ““эслаб” қолинг. Бу билан бирор чорани ўйлаб олишга имкон туғилади.

6. Мўлжални бошқа одамга буриб юборинг.

Масалан, сиз Акмалдан ҳам сўраб кўрдингизми, денг. Сўровчидан нима учун бошқа бировга эмас, айнан сизга мурожаат қилганини сўранг ва фикрини асослашни талаб қилинг.

7. Сўровчига ўз муаммоларингизни айтиб ташланг.

Масалан, ўзингизни қандай қийин аҳволда эканингиз, бошқалардан ёрдам сўраб турганингиз ҳақида гапиринг. Бу сўровчининг психологиясига таъсир кўрсатади.

8. Сўровчи хиралик қилаверса, бошқа бирор бажарилиши имконсиз вазифани тугаллагандан кейингина ёрдам бериш мумкинлигини айтинг.

Масалан, бошқа пайт (бир ҳафта, икки ой, 15 йилдан кейин).

9. Бирор қонун-қоида, принсип ёки эътиқодга оид баҳонани илгари суринг.

Масалан, “мен ҳар шанба-якшанба кунлари ота-онамнинг уйида бўламан...” ёки “бундай қилишга эътиқодим йўл қўймайди...”.

10. Ўзингизга нисбатан ишончсизликни илгари суриб, бу ишни ўз вақтида, сифатли адо этолмаслигингизни айтинг.

Масалан, “бу ишни қилиш учун менда тажриба етарли эмас”...

>Энг муҳими — манипулятсияга тушиб қолмаслик ва ҳиссиётларни билдириб қўймаслик. Ўз далилларингизни секинлик билан, бир неча маротаба такрорлаган ҳолда илгари суринг. Унутмангки, муваффақиятингизни ташқи омиллар ҳам белгилаб беради. Ташқи қиёфангиз “мен ҳаммасига ёрдам бераман, айтганингизни қиламан”, деб турсаю, тилингиз “йўқ” деса, бунга ҳеч ким ишонмайди.