Оила

Ота ўрнини ким эгалламоқда?

Болангиз нечанчи синфда ўқишини биласизми, ўзи?!

Ота – оила устуни. Устунсиз бино омонат бўлгани каби, оила бошлиғисиз хонадонни ҳам бутун, деб айтолмаймиз. Лекин бугун ана шу устунларимиз қанчалик мустаҳкам? Улар оила бошлиғи, улкан таянчи  эканини ҳис қиляпдими?

Келинг, замонавий ота образини четдан кузатайлик: оёғида шиппак, эгнига тор футболка-ю шортик кийиб, лабига сигарет қистирганча, уст-бошига гард юқтирмаслик учун гўёки омонат ҳаракат қилаётган эркак. Ана шу сахт-сумбат биз тасаввур қилган ва билган  тўлақонли ота образини қанчалик очиб бера олади? Ёки унга қанчалар мос?

Ота фарзандларига ибрат бўлиши учун, аввало, намунали эр бўла олиши лозим. Энди бугунги куннинг айрим оталари қиёфасига разм солсак: хотини рўзғор қилиб келса, бунга табиий ҳол деб қарайди; ўзи ишламай, аёлининг топиб келганига қараб туришдан ҳечам хижолат торт­майди; оилада ниманидир ҳал қилиб, қарор қабул қилишга келганда, секингина ўзини четга олади…

«Ана, онанг билан ҳал қил!». «Отанг нимани ҳам биларди?..» Бундай гапларни эшитган болалар бора-бора отасига умуман мурожаат ҳам қилмай қўяди. Қарабсизки, оилада ҳукмронлик ўз-ўзидан онага ўтади. Баъзи оталар учун болалар билан суҳбатлашиш, уларни ҳунарга ўргатиш, кундалик, дарсларини назорат қилиш кабилар «майда иш» ҳисобланади. Балки, шунинг учун ҳам бугун мактабдаги синф мажлисларига оталарнинг бормаслиги одатга айлангандир. Маш­ҳур қизиқчимиз куюниб гапирганидек, ҳатто ўғлининг қайси мактаб, қайси синфда ўқишини билмайдиган оталар ҳам йўқ эмас.

Уйда, боғчада, мактабда фақат онаси, боғча опаси ёки устози билан маслаҳатлашиб улғайган бола, йигит ёшига етиб, уйланганидан сўнг ҳам аёли томонидан бошқарилишга осон кўникади. Нафақат кўникади, балки шунга эҳтиёж сезади. Бу эса оила таназзулига етаклайдиган йўлдир.

– Ота оилада энг тўрда, марказда турувчи султон бўлиши зарур, – дейди психолог Зебинисо Аҳмедова. – Ҳар бир мамлакат раҳбар-етакчига муҳтож бўл­га­­нидек, ҳар бир оилада бош­лиққа эҳтиёж бор. Унинг айтгани буйруқ, унинг мавқеи бошқаларникидан кўра энг баландда туради. Агар оилада эр ўз ўрнини эгаллай олмаса, бу ўринга бошқалар даъвогарлик қилади. Бу эса оила султонини йўқотишига, айни вақтда отанинг ҳеч кимга кераксиз мавқега тушиб қолишига сабаб бўлади. Қарабсизки, бу оилада улғайган йигитлар ҳам аёлнинг чизган чизиғидан чиқмай, ўзлари оилали бўлганларидан ке­йин ҳам бу «анъана»ни давом эттирадилар.

Ҳозир айрим ёш оилаларда янада бошқачароқ вазиятни кузатиш мумкин. Аёллар фарзандлари олдида ҳам эрини жеркиб гапиради, ҳар икки гапнинг бирида эрини ношудликда айблайди. Эр эса бошини қуйи эгганча ўз хаёлларига асир бўлиб жим тураверади. Чунки бу эр дегани икки оғиз сўз айтса, учқундан аланга чиқиб, жанжалга айланишини,жуда кўп нарсалар юзига солинишини яхши билади.

Аёлининг овози эркакникидан юқори чиққан хонадонда отанинг ўрни тобора кичра­йиб бораверади. Оқибатда эса, аёлининг кўзига қараб, унинг кўрсатмасисиз бирор иш қилолмайдиган, журъатсиз оталар кўпаймоқда.

– Эркак киши кўчанинг одами, доим ҳам уйдаги гап-сўздан хабардор бўла олмайди, – дейди тўрт келинга қайноналик қилаётган ­Мунаввар ая. – Оила боши кўчадан уйга қадам қўйганида баҳри дили очиладиган, кўнгли равшан тортадиган бўлиши керак. Эрининг келишига гап тайёрлаб, хонадоннинг ҳамма икир-чикирларигача эрига айтиб, йўқ жойдан муаммо пайдо қиладиган аёлларимиз ҳам, афуски, учраб туради. Бу одат бориб-бориб эркакни уйдан бездиради. Фарзандларим ёшликдан отасидан ҳайиқиб туришади. Улар қилган айрим хато-камчиликларни ўзим беркитиб, силлиқлаб отасига тушунтираман. Шу боис ҳам болаларнинг хаёлида «Отам нима деркин» деган ўй туради. Ҳар бир қадамини, қилаётган ишини отасининг тарозисига солиб кўришади. Отаси доим ҳам уларнинг ишларини синчиклаб сўрамаслиги мумкин, бироқ менинг ўзим уларга дадасининг «позиция»сини эслатиб тураман. Ҳамма оилада ота ҳукмрон бўлса, ўша хонадонда барака ҳам бўлади.

Кузатишларга кўра, аёл томонидан муттасил бошқарилган бола, йигит ёшига етганида ҳам ҳамма нарсани оилада она ҳал қилсину, эркак телевизор кўриб ётаверсин, деган фикрда бўлади. Минг афсуски, мудом аёллар устунлигини кўрган йигитларда аёлларга хос айрим хусусиятлар, – майдагаплик, ғийбат, мол-дунёга ўчлик, ўзига зеб бериш кабилар кўзга ташланмоқда.

Яқинда қўшнимиз йиғлагудек бўлиб гапириб қолди:

– Қизимнинг туғилган кунига 1,5 миллион сўмга кир ювиш машинаси харид қилгандим. Энди куёвим кир ювиш машинасини кўриб, буниси бўлмайди, бошқа русумдагисига алмаштириб келишсин, деяётганмиш. Дў­кондагилар алмаштириб берса-ку хўп-хўп, агар алмаштирмаса, яна бошқатдан янги сотиб оламан-да…

Аёл молпараст куёвидан аччиқланса, унга ҳеч нима деёлмайди. Аммо куёв султон номига муносиб иш қиляпдими? Умуман, оталар ўз мав­қеида, ўз ўрнидами? Ахир тўрдаги ўрин ҳеч қачон бўш турмайди-ку!

Зуҳра Рўзиева

Манба: Tafsilot.uz