Биласизми?

Ўқитувчидан обунага пул йиғманг: Шерзод Шерматов ХТБ раҳбарларини сўнгги бор огоҳлантирди

Ўзбекистон Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг ҳудудий халқ таълими бошқарма бошлиқларига "Шахсан назорат учун" деб йўллаган хати оммага эълон қилинди.

Шерматов ушбу хатни йўллашдан мақсадини - "ҳозирга қадар ўқитувчилардан турли ҳисоботлар талаб қилиш давом этаётгани ҳақида хабарлар келаётгани" билан изоҳлаган.

Вазир хатда ўқитувчилардан синф журнали, конспект ва йиллик тақвим режадан ташқари бошқа ортиқча ҳужжат талаб қилиниши ва улар турли ишларга жалб қилиниши тақиқланишини яна бир бор эслатиб ўтган.

Шунингдек, "...таълим масканларида ўқитувчиларни турли маънавий-маърифий тадбирлар учун ҳисобот, баённома, (фото) альбом тайёрлаш, ёки синф раҳбарларини ўқувчиларнинг уйларига юбориш, ота-оналари билан бирга суҳбат ўтказилганлиги ҳақида фотосурат ёки ҳисобот талаб этилишини, маҳаллий ҳокимликлар томонидан таълим муассасалари раҳбарлари ёки ўқитувчиларнинг ҳар қандай мажбурий меҳнатга турли йиғилишга, тадбирларда зални тўлдириш учун "томошабин" сифатида жалб қилинишини таъқиқлашини" таъкидлаб ўтган.

Хатда Ўзбекистон Республикаси президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларидан ташқари маҳаллий ҳокимлик ёки турли ташкилотлар томонидан ташкил этилаётган ҳашарларга педагогларни жалб этиш ва ходимларнинг бир кунлик иш ҳақини ташкилотларга ўтказиб беришни ҳам таъқиқлаган.

"Маҳаллий ҳокимликлар, ҳудудий бошқармалар томонидан ҳар хил нашрдаги газета ва журналларга мажбурий обуна, комуннал тўловлар учун ойлик иш ҳақидан олиб қолинишини ёки бошқа ноқонуний бадаллар йиғилишини қатъиян тақиқлайман", - деб хатда баён этган вазир.

Ушбу масалалар бўйича педагоглар орасида тегишли тушунтириш ишлари олиб борилиши, шикоятларни жойларга чиққан ҳолда ўрганилиши айтилган.

"Мазкур талабларни барча мактаб раҳбарларига етказишингизни ҳамда бошқарма бошлиқларини, туман (шаҳар) халқ таълими мудирлари ва мактаб раҳбарларини ўқитувчилардан ортиқча қоғозбозлик, ҳисоботлар талаб этишларига чек қўйишлари ҳақида сўнгги марта қатъий огоҳлантираман.

Бундан ташқари, Шерматов ХТБ раҳбарларидан Ўзбекистон Бош вазирининг маҳаллий ҳокимликлар томонидан халқ таълими ходимларини мажбурий меҳнат, мажбурий обуна ва оммавий ҳашарларга жалб этилмаслиги ҳақидаги 2018 йил 10 декабрдаги 14/1-2774-сонли кўрсатмасининг ижросини сўзсиз таъминлашларини сўраган.