Маданият

Нега унитазнинг қопқоғини ёпиб сувни оқизиш керак?

Замонамиз олимлари адрон коллайдери ва нанотехнологияларни ўрганишдан танаффус қилган чоғларида маиший соҳада ҳам ихтиролар яратиб туришади. Сўнгги янгиликлар қаторига “ҳожатхона шлейфи”ни қўшиш мумкин.

Бироз тарихга қайтсак, илк унитаз 1596 йилда Англия қироличаси Елизавета I учун сэр Жон Харингтон (John Harington) томонидан яратилган. Қопқоғи қачон пайдо бўлганини билмаймиз, аммо унитаз оммалашгач, ёқимсиз ҳиди тарқалмаслиги учун ўрнатилган бўлса керак.

Унитаз ва қопқоғининг ёши анча улуғлигига қарамасдан сувни оқизаётиб қопқоғини ёпиш керакми-йўқми, деган баҳс давом этиб келарди. Масалага микробиологлар ойдинлик киритди.

Маълум бўлишича, ҳар гал сувни оқизганда унитаз устида аэрозол устуни икки метргача баландликка кўтарилади. Аэрозол таркибида сув, ҳаво билан бирга организмимиз маҳсулоти зарралари учрайди. Худди шу аралашма “ҳожатхона шлейфи” деб номланади.

Сўнг бу зарралар булути 4 метр доирага тарқалади. Applied Microbiology журналида ёзилишича, ҳожатхона шлейфи зарралари унитазга яқин бўлган барча нарса-буюмларда аниқланган. Сочиқ, косметик воситалар, ҳатто, тиш чўткасида ҳам учраган. Марҳамат, ушбу инглизча видеолавҳани томоша қилинг.

Албатта, бир марта сув оқизганда арзимас миқдордаги зарра ва бактериялар тиш чўткасига қўнади. Аммо ҳар куни такрорласа, бактерия тўпланади ва оқибати хунук бўлади.

Нима қилмоқ керак?

Олимлар оддий маслаҳатларга амал қилишимизни сўрайди:

  • Унитаз сувини оқизишдан олдин доимо қопқоқни ёпинг.
  • Тиш чўткангиз ва шахсий гигиена анжомларингизни унитаздан нарироқда сақланг. Имкон бўлса ёпиқ қутида.
  • Жамоат ҳожатхонасидан фойдаланганингизда сув оқизилаётганда узоқроқда туринг.

Аммо энг муҳими элементар гигиена қоидаларига риоя қилишдир, дейди олимлар. Ҳар доим ҳожатхонадан чиқишда қўлни совунлаб ювиш шарт. Буни ўзингиз яхши биласиз, шундай эмасми?

lifehacker.ru мақоласи асосида тайёрланди