Биласизми?

Инфографика: Ўзбекистонда бизнес шакллари орасида қандай фарқ бор?

Кўча-кўйда, радио-телевидение, турли реклама ва умуман кундалик ҳаётда хусусий корхона, қўшма корхона, масъулияти чекланган жамият ва акциядорлик жамияти каби сўзларни кўп учратамиз, қўллаймиз ҳам. Улар бизнеснинг турли ташкилий-ҳуқуқий шаклларини билдиради. Яъни, олинган даромад қандай тақсимланади ва унга солинадиган солиқлар қандай бўлишини англатади. Корхона касодга учраса (банкрот деб топилса), қандай жавоб берилади, унинг маблағлари қарзларни ёпишга етарли бўлмаса, бизнесни қайси усулда осонроқ тарк этиш мумкин бўлади?

Ҳар бир тадбиркор бизнеснинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини танлашда қатор саволларга жавоб топишга уриниб кўради. Хусусан:

1. Олинган даромад қандай тақсимланади ва унга қандай солиқ солинади?.

2. Маълум бир шаклда бизнесни ташкил этиш қанчалик қиммат ва мураккаб?

3. Иш юришмаса ва корхона банкрот бўлса, унинг мол-мулки қарзларни ёпишга етмаса, нима қилинади?

4. Бизнес самара бермай қўйса, ундан қулайлик билан чиқиш мумкинми?

Қуйида ушбу саволларга Ўзбекистон қонунчилигида қандай бўлса шундай жавоблар билан танишиб олишингиз мумкин.

Устунлиги: хусусий корхона – юридик шахс бўлиб, якка тадбиркордан фарқли равишда, қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолият билан шуғуллана олади.

Камчилиги: банкрот бўлиб қолганда корхона эгаси мажбуриятлари бўйича чекланмаган кўринишда жавобгар бўлади. Яъни, касодга учраганда барча қарзларни ва бошқа тўловларни ўзи тўлайди. Бироқ, бу таваккалчилик ХКнинг юридик шахс сифатидаги солиқни тўлаганидан кейин соф даромад учун солиқнинг мавжуд эмаслиги билан мувозанатга келади.

ХК эгаси унинг фаолиятини шахсан бошқариши шарт. У бошқарув ваколатларини ёлланган менежерга тақдим эта олмайди.

Ўзбекистонда юридик шахсларга солиқ солиш уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклига боғлиқ эмас. Агар корхона кичик тадбиркорлик субъекти бўлса, ЎзРнинг «Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги кафолатлари тўғрисида»ги Қонунининг 5-моддасига мувофиқ, у умумий ўрнатилган солиқ ва соддалаштирилган солиқ тизими (Ягона даромад солиғи)дан бирини танлаши мумкин.

Баъзан, у ёки бу сабабларга кўра, бизнес мулкдорни қаноатлантирмай қолди. Бу ҳолатда корхонани ё бўлмаса ундаги улушни нима қилиш мумкин? Хусусий корхона эгаси корхонани тўлиғича мулк комплекси сифатида сотиши ёки ҳадя этиши, ёхуд уни тугатиб, мол-мулкини алоҳида сотиш мумкин.

Оилавий корхона – кичик тадбиркорлик субъекти ҳисобланади. Хусусий тураржойда ёки ҳовлида фаолиятини йўлга қўйиши мумкин. Бунда тураржой биносини нотураржой тоифасига ўтказиш талаб этилмайди. Бироқ, фаолият юритиш турларига чекловлар бор.

Асосий камчиликлари: иштирокчилар сони оила аъзолари билан чекланган ҳамда корхона эгалари унинг мажбуриятлари бўйича чекланмаган жавобгарликка эга.

ЎзРнинг «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонунининг 14-моддасига мувофиқ, оилавий корхонанинг ҳар бир иштирокчиси уни бошқариш, молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш, қарорлар қабул қилишда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Албатта, бу қандай амалга оширилиши қонунда батафсил ёритилмаган. Аммо, барча асосий жиҳатлари низом шартномасида ёритилган бўлиши керак. Акс ҳолда, ОК аъзолари ўртасида келишмовчиликлар келиб чиққанида корхона фаолияти чигаллашади.

ОК иштирокчиси унинг таркибидан чиқиш ҳуқуқига эга. Агар низом шартномасида бошқа ҳолатлар кўзда тутилмаган бўлса, ОК таркибидан чиқаётган аъзонинг низом жамғармасига қўшган ҳиссасига пропорционал бўлган мулк унга моддий ёки мулкий кўринишда қайтарилиши керак.

ОК бошлиғи ўзгарганида, оилавий корхонага таркибига кўнгилли равишда кириш (чиқиш), эр-хотин ўртасида никоҳнинг бекор қилиниши ёки ОК эгаларидан бирининг вафоти билан низом шартномасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади. Бунда ОКни қайтадан давлат рўйхатидан ўтказиш талаб қилинмайди.

МЧЖ — бизнеснинг энг кенг тарқалган ташкилий-ҳуқуқий шакли.

Устунлиги: иштирокчи таваккалчилиги унинг улуши миқдори билан чекланган, даромад солиғи жисмоний шахслар даромадларига солинадиган солиқларга нисбатан бирмунча паст ставка бўйича солинади.

Камчилиги: ўз ҳиссасини сота олмаслик ёки тақдим эта олмаслик. МЧЖ таркибидан улушнинг бир қисмини йўқотмасдан чиқиш амри маҳол.

ҚЎШИМЧА МАСЪУЛИЯТЛИ ЖАМИЯТ

ҚМЖнинг МЧЖдан ягона фарқи иштирокчилар жавобгарликларининг тақсимланишидир. Бунда барча аъзолар бир хил миқдорда ҳисса қўшишлари талаб этилади. Жавобгарлик чегараси низом билан чегараланиши мумкин.

Бизнесни ташкил этишнинг бу шакли унчалик ҳам машҳур эмаслигига, жамият аъзоларининг корхона мажбуриятлари бўйича мол-мулки билан жавобгар бўлишидадир.

МЧЖ ва ҚМЖ эгаларининг бошқарувда иштирок этишдаги асосий механизми умумий йиғилиш ҳисобланади. Унинг мутлақ ваколатларига, хусусан: Низом жамғармаси ҳажмини ўзгартириш, ташкилий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, янги аъзоларни қабул қилиш ёки таркибдан чиқариш, жамиятнинг ижро органлари, ревизия комиссияси ва бошқа органларини сайлаш ёки муддатидан аввал ваколатларини тугатиш, фойдани тақсимлаш бўйича қарорлар қабул қилиш.

Бу масалаларни ҳал этиш директорга, бошқарув ёхуд бошқа органга тақдим этилмайди. Директор ёки 20 фоиздан кўпроқ овозга эга бўлган аъзонинг манфаатлари бўлган битимлар, шунингдек, жамият мулки билан амалга ошириладиган йирик келишувлар умумий мажлис аъзолари томонидан маъқулланиши талаб этилади.

Жамиятнинг умумий аъзоларининг камида 10 фоиз овозига эга аъзоси талаби билан ижро раҳбарияти навбатдан ташқари йиғилиш чақиришга мажбур.

МЧЖ ва ҚМЖ эгаларининг бошқарувдаги иштирокида «Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддаси амалий инструмент ҳисобланади. Унга мувофиқ, жамият низом жамғармасида камида 10 фоизў улушга эга аъзоси судга мурожаат қилиб, жамиятдан ўз мажбуриятларини бузаётган, ёки ўзининг ҳаракатлари билан жамият фаолиятига тўсиқ бўлаётган ёхуд қийинлаштираётган аъзоларни чиқариб юборишни талаб қилиши мумкин.

Жамиятнинг жорий фаолиятини бошқариш учун унинг эгалари директорни сайлашади ёки тайинлашади. У ўзи билан имзоланган меҳнат шартномаси асосида жамият ишини бошқаради. Бундан ташқари, низомда кўрсатилган бўлса, жамият аъзолари ижро органи коллегияси - бошқарувни шакллантиришлари мумкин. Унга нафақат жамият эгалари кириши мумкин. Шу билан, МЧЖ ва ҚМЖ иштирокчилари ҳиссадор ҳамда жамият фаолиятининг муҳим жиҳатларини аниқлаб берувчи, аммо бевосита бизнесни юритмайдиган шахсларга тақсимланиши мумкин.

МЧЖ ва ҚМЖ аъзоси ўз улушини сотиши ёки низом жамғармасидаги ҳиссасини бошқа бирор усулда жамиятнинг бир ёки бир неча аъзосига тақдим этиши мумкин. Бунда, мазкур битимга алоқаси йўқ иштирокчиларнинг розилиги талаб қилинмайди. Шу билан бирга, ўз улушини жамият низомида тақиқланмаган бўлса, учинчи шахсга бериш мумкин. Бу ҳолатда жамият иштирокчилари ва жамиятнинг ўзи сотилаётган улушни учинчи шахсга таклиф этилган нархда харид қилиш борасида имтиёзли ҳуқуққа эга. Шу боисдан ҳам ҳиссасини сотувчи иштирокчи бошқа иштирокчиларни ва жамиятнинг ўзини ҳиссасини сотишга қилган қарори ва нархидан ёзма равишда огоҳ этади. Жамиятнинг бошқа аъзолари ёки жамиятнинг ўзи биринчи бўлиб харид қилиш ҳуқуқидан фойдаланишдан бош тортса, ҳисса учинчи шахсга сотилиши мумкин.

Низомда, шунингдек, (одатда, бу қайд этилади) улушни бирор бир бошқа усул билан тақдим этиш, масалан, ҳадя қилиш ҳолати назарда тутилган бўлади. Агар низомда ҳиссани сотиш тақиқланган бўлса, ёхуд жамиятнинг бошқа эгалари розилик беришмаса, улушини сотмоқчи бўлаётган аъзо улардан улуши қийматини бериш билан ҳиссасини сотиб олишларини талаб қилиши мумкин. Ўз ҳиссасини сотишни хоҳламаса-да, жамият таркибидан чиқмоқчи бўлган иштирокчи ҳам шундай талабни илгари сура олади.

АЖ – йирик бизнесни ташкил этишга мос келади.

Устунлиги: чекланган масъулият, қўшимча маблағларни жалб қилишнинг оддийлиги.

Камчилиги: акциядорлар сони кўп бўлганида мулкдорлар томонидан бошқариш қийин бўлади. Ўзбекистондаги ўзига хосликлар – қимматли қоғозларнинг паст ликвидлиги, кучли ҳуқуқий мувофиқлаштирилганлик, кўплаб ички тузилмаларни шакллантириш зарурлиги, кузатув кенгаши, ревизия комиссияси, ички аудит ва б.

АЖ — бизнеснинг ягона шакли бўлиб, унинг жорий фаолиятини бошқариш шартнома асосида бошқа тижорат ташкилоти – ишонилган бошқарувчига топширилиши мумкин. Агар акциядорлар бунга тайёр бўлишмаса, бунда анъанавий усул қўлланилади, бошқарув кенгаши ташкил этилади ,директор тайинланади. У бизнесни юритади.

Акциядорнинг бошқарувда иштирок этиш имконияти у эга бўлган акциялар турига боғлиқ. Оддий акциялар овозга эга ҳисобланади, ўз эгасига дивидендлар олиш, жамиятни бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини беради.

Имтиёзли акциялар эса, ўз эгаларига биринчи навбатда дивидендларни олишга ҳамда АЖ тугатиладиган тақдирда акцияга тиккан маблағларини олишда устунлик беради. Шу билан бирга, имтиёзли акциялар жамият даромади бор-йўқлигидан қатъиназар маълум бир дивидендлар олиш ҳуқуқини ҳам тақдим этади.

Акциядорларнинг жамият ишларида иштирок этишларига имкон берадиган инструментлардан бири шундан иборатки, 5 фоиз ёки ундан кўп миқдорда овоз берувчи акцияларга эга шахс акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақира олади.

Акциядорлар ўзларига тегишли акцияларни АЖ ва бошқа акциядорларнинг розилигисиз сотиши ёки бошқа усулда бегонага бериши мумкин. Шу боисдан ҳам акция – корхона сармоясига ҳисса қўшишнинг энг ликвидли бўлган шаклидир. Бунда, акциядорлар сони 50 нафардан ошмайдиган ҳамда бундай АЖ низомида бошқа акциядорлар ёки жамиятнинг сотилаётган акцияларни харид қилишдаги имтиёзи қайд этилган ҳолатлар мустасно. Бундай ҳолатларда МЧЖ ва ҚМЖлардаги қоида ишга тушади.

Акцияларни сотишда жисмоний ёки юридик шахс учун солинадиган даромад солиғи тўланади. Даромад солиғи акцияни харид қилиш ва сотиш орасидаги фарқдан ҳисобланади.

Акциядор, шунингдек, жамиятдан унинг акцияларини харид қилишни сўраш билан бизнесни тарк этиши мумкин. Бу каби масалалар эса, ЎзРнинг «Акциядорлик жамиятари ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни билан тартибга солинади.

Манба: kommersant.uz