Биласизми?

Афсонавий боксчи Муҳаммад Алининг энг машҳур 20 та фикри

Бирор жойингиз оғриётган бўлса, бу ҳақида ҳеч кимга гапириб юрманг. Чунки айнан ўша оғриқли нуқтангизга зарба берадиганлар албатта топилади.

Муҳаммад Али

Мақсадинг йўлида сени ҳолдан тойдирадиган қаршингда турган улкан тоғлар эмас, оёғинг остидаги, сен эътибор қилмаган майда тошлардир.

Муҳаммад Али

Кўпчиликни олға боришдан чўчитадиган омил, бу – эътиқоднинг пастлигидир. Мен эса эътиқодим туфайли ўзимга ишонаман.

Муҳаммад Али

Дарёлар, ҳовузлар ва кўллар, уммонларнинг номланиши бошқа-бошқа бўлгани билан, уларнинг барисида сув бор. Худди шунингдек, гарчи динлар ҳам турлича номланса ҳам, уларда ҳақиқат яшайди.

Муҳаммад Али

Муносиб жавобинг бўлмаса, сукут олтинга тенг эканини унутма.

Муҳаммад Али

Қизим, Худо дунёдаги жамики азиз ва қадрли нарсаларни яратаётганида уларни ҳимоялаган. Олмосларни қаердан оламиз? Бунинг учун тоғ-тошларни талқон қиламиз. Жавоҳир топиш учун уммон қаърига кирамиз. Олтин излаб ер бағрига шошамиз. Кўриб турибсанки, барча қадрли нарсаларга етишиш осон эмас. Муқаддас китобларда инсоннинг азиз қилиб яратилганлиги таъкидланади. Демак, унинг танаси ҳам муқаддас. Сен олтин ва жавоҳирлардан ҳам қадрлисан. Шундай экан, баданингни кўз-кўз қилиб, ўз қадрингни йўқотишдан эҳтиёт бўлгин.

Муҳаммад Али

Ишим шунақа. Майса ўсади, қуш учади, тўлқинлар соҳилни ювади, шифокор даволайди. Мен эса муштлашаман.

Муҳаммад Али

Машқлардан чарчаб кетардим. Лекин оғир пайтда ўзимга: "Тўхтама! Ҳозир азоблансанг ҳам, ҳаётингнинг кейинги қисмида чемпион бўлиб яшайсан," дейишни канда қилмадим.

Муҳаммад Али

Таваккал қилишга журъати етмаган одам ҳаётда ҳеч нарсага эриша олмайди.

Муҳаммад Али

Тасаввурсиз одамнинг қанотсиз қушдан фарқи йўқ.

Муҳаммад Али

Менинг ҳаётий тамойилларим доимо пул ёки менинг чемпионлик унвонларимдан устун бўлган.

Муҳаммад Али

Баъзида шунчалар ғайратлиманки, чироқни ўчиргач, хона зулматга кўмилмасидан ўринда ётган бўламан.

Муҳаммад Али

Одамларга беминнат ёрдам қўлини чўзиш – бу дунёда яшаётганинг учун Яратганга тўланадиган ижара ҳақидир.

Муҳаммад Али

Миллатлар ўртасидаги урушлар жаҳон харитасини ўзгартириб юборади. Лекин билаги зўр спортчилар ўртасидаги жанг миллатлар ўртасидаги хариталар алмашинувига ўхшайди: миллатларни бир-бирига таништиради.

Муҳаммад Али

Ёш – нисбий тушунча. Ўзинга неча ёш берсанг, сен ўша ёшдасан.

Муҳаммад Али

Мен бошимдан ўтказган энг машаққатли жанг биринчи хотиним билан бўлган. Шунинг учун ҳаётда рақиб танлашда адашсанг ҳам, жуфт танлашда адашма.

Муҳаммад Али

Кунларни санама, ҳаётингдаги саналадиган кунларни кўпайтир.

Муҳаммад Али

Чемпионлар машқ залларида етишиб чиқишмайди. Улар аввал ўзларининг қалбларида кучли хоҳиш, орзу ва ғалаба оғушида туғилишади. Спортда ғалаба учун маҳоратдан кўра истакнинг аҳамияти юқори.

Муҳаммад Али

Орзуларга эришишнинг энг яхши йўли – уйғонишдир.

Муҳаммад Али

Қўрқув ҳиссисиз жасур бўлишнинг имкони йўқ.

Муҳаммад Али

Инглиз тилидан Шуҳрат Сатторов таржимаси