Биласизми?

32 спортчидан 31 та медаль!!!

Ўзбекистон делегацияси XV Паралимпия ўйинларида иштирокини якунлади.

32 нафар спортчимиз жами 31 та медаль, шундан 8 та олтин, 6 та кумуш, 17 та бронза медалини қўлга киритишди. Бундай юксак натижа эвазига ҳозирча мамлакатимиз умумжамоа ҳисобида медаллар сифати бўйича 15-ўринни, медаллар сони бўйича 12-ўринни эгаллаб турибди.

Ўзбекистон Марказий Осиёда 1-ўрин, Осиёда 326 спортчи билан қатнашган Хитойдан кейин 2-ўрин, МДҲда 171 нафар спортчи билан қатнашган Украинадан кейин 2-ўрин, мусулмон давлатлари орасида эса 1-ўринни эгаллаб турибди!

Ҳамюртларимиз мусобақа давомида 6 та жаҳон, 7 та Паралимпия ўйинлари, 12 та Осиё рекордини ўрнатишди.

Дзюдо спорт тури бўйича умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгалладик (3 та олтин, 1 та кумуш, 6 та бронза).

32 нафар спортчимиздан 24 нафари турли даражадаги медалларга эга чиқишди.

Худди Ёзги олимпиада ўйинларидаги каби, Паралимпия ўйинлари ҳам олтин медаль билан якунланди. Ўшанда Fazliddin Gaibnazarovнинг эҳтиросли ғалабаси кайфиятимизни тилла қилган бўлса, кеча енгил атлетикачи қизимиз Нозимахон Қаюмова бизни худди шундай мамнун этди.

Найза улоқтириш мусобақасида Нозимахон нафақат олтин медаль олди, балки жаҳон рекордини ҳам ўрнатди. Ёдингизда бўлса эркаклар ўртасидаги найза улоқтириш баҳсларида ҳам ҳамюртимиз Александр Свечников паралимпия ўйинларининг рекордини қайд этиб, ватанимиз ғазнасига 7-олтин медални келтирган эди. Рамзий маънода енгил атлетикачиларимиз 7 ва 8-олтин медални найзадай қадаб қўйишди!

Эътиборли жиҳати, Паралимпия ўйинларидаги илк медалимиз ҳам олтин бўлганди. Дзюдочимиз Шерзод Намозов олтин билан "почин" қилиб берганди ўшанда.

Юртимиз шарафига медаллар олиб келган барча спортчилар рўйхати:

Олтин медаллар: 1. Шерзод Намозов - дзюдо (60 кг); 2. Ўткиржон Нигматов - дзюдо (66 кг); 3. Ҳусниддин Норбеков - диск улоқтириш; 4. Одил Тулиндебаев - дзюдо (100+ кг.); 5. Фотимахон Амилова - брасс усулида сузиш (100 м.); 6. Фирдавсбек Мусабеков - брасс усулида сузиш (100 м.); 7. Александр Свечников - найза улоқтириш; 8. Нозимахон Қаюмова - найза улоқтириш.

Кумуш медаллар: 1. Кирилл Панков - баттерфляй усулида сузиш (100 м.); 2. Муслима Одилова - баттерфляй усулида сузиш (100 м.); 3. Хайтжон Алимова - дзюдо (70+ кг.); 4. Фотимахон Амилова - комплекс усулда сузиш (200 м.); 5. София Бурхонова - ядро улоқтириш; 6. Муслима Одилова - эркин усулда сузиш (50 м.).

Бронза медаллар: 1. Севинч Салаева - дзюдо (62 кг); 2. Музаффар Турсунхўжаев - баттерфляй усулида сузиш (100 м.); 3. Фотимахон Амилова - баттерфляй усулида сузиш (100 м.); 4. Турсунпошша Нурматова - дзюдо (63 кг.); 5. Феруз Сайидов - дзюдо (73 кг.); 6. Сервер Ибрагимов - пистолетда 10 м.га ўқ отиш; 7. Ширин Шарипов - дзюдо (100 кг.); 8. Шухрат Бобоев - дзюдо (90 кг.); 9. Гулруҳ Раҳимова - дзюдо (70 кг.); 10. Шоҳсанам Тошпўлатова - комплекс усулда сузиш (200 м.); 11. Дониёр Солиев - узунликка сакраш; 12. Аҳрор Бозоров - паурлифтинг (80 кг.); 13. Дмитрий Хорлин - эркин усулда сузиш (400 м.); 14. Ўзбекистон жамоаси - 4х100 метрга югуриш бўйича жамоавий эстафета; 15. Ҳусниддин Норбеков - ядро улоқтириш; 16. Музаффар Турсунхўжаев - эркин усулда сузиш (50 м.); 17. Шоҳсанам Тошпўлатова - эркин усулда сузиш (50 м.).

14264212_1094392140610042_704502531850445691_n

Хушнудбек Худайбердиев