Саломатлик

256 йил яшаган хитойлик ўлимидан олдин бунинг сирини айтиб кетган экан

Бугунги узоқ яшовчиларнинг умри ўртача 120 йилни ташкил этади. Улар жаҳонга маълум бўлган, энг узоқ яшаган инсон – Ли Цинъюн кўп яшаш бўйича ўрнатган рекордни янгилашлари учун яна шунча йиллар яшашларига тўғри келади. Ҳа, бу инсон 256 йил умргузаронлик қилган!

Бу лоф эмас, аксинча олим ва журналистлар томонидан чуқур ўрганилган ҳақиқат. Зеро, 1930 йилда New York Times газетаси томонидан нашр этилган мақолада ёзилишича, Ченгду Ву университининг профессори Чунг-цзе Хитой император хонадонига тегишли тарихий ёзувларни ўрганаётиб ғайриоддий далилга дуч келади.

Маълум бўлишича, Хитой император хонадони 1827 йилда Ли Цинъюнни 150 ёши билан қутлаб мактуб йўллайди. Орадан 50 йил ўтиб, 1877 йилда худди шундай қутлов хати Ли Цинъюнга 200 ёшга кириши муносабати билан йўлланган.

New York Times газетасининг журналисти 1928 йилда ёзишича, у Ли Цинъюнь ҳақида унинг қўни-қўшниларидан сўраб-суриштирганида уни билган кекса инсонлар уларнинг ота-боболари ҳам болалик кезларидан Ли Цинъюнни яхши билганлари, ўша кезларида ҳам у катта ёшли одам бўлганини айтишган.

Ли Цинъюнь доривор гиёҳлар савдоси билан шуғулланган. 10 ёшидан бошлаб тоғ-тошларда гиёҳ тера бошлаган Ли Цинъюнь бу ўтлар унга узоқ йил умр кечиришига ёрдам беришини англаган. У деярли 40 йил мобайнида фақатгина линчжи, годжи уруғи, ёввойи женьшен гиёҳларидан истеъмол қилиб, гуруч виносидан ичиб, парҳез сақлаган.

Бўйи 2 метр 10 см бўлган келбатли Ли Цинъюнь 1749 йилда 71 ёшда Хитой армиясига жанг санъати муаллими сифатида қабул қилинади.

Ли йирик оиланинг бошлиғи бўлган. У 23 маротаба турмуш қурган ва 200 дан зиёд фарзанднинг отаси бўлган.

У яшаб ўтган ҳудуд аҳолисининг сўзларига кўра, Ли болалигиданоқ ўқиш-ёзишни ўрганган ва гиёҳ излаш баробарида 10 ёшига қадар Ганьсу, Шанси, Тибет, Аннам, Сиам ҳамда Манжурия каби ўлкаларга саёҳат қилган.

Умрининг илк 100 йиллигида Ли Цинъюнь доривор ўтлар савдоси билан шуғулланган. Сўнгра у гиёҳларни бошқалардан сотиб ола бошлаган. Айниқса, линчжи, годжи уруғи, ёввойи женьшень, хи шу ву, осиё центелласи (Gotu Kola) гиёҳлари унинг савдо фаолиятида муҳим ўрин эгаллаган.

Баъзи бир маълумотларга қараганда тоғларда гиёҳ излаб юрган Ли 500 ёшдаги инсонни учратади ва ундан узоқ умр кўриш сирларини, жумладан цигун нафас олиш машқларини ўргатиб, парҳезга оид тавсияларни беради.

"Мен бу дунёда қилишим лозим бўлган ишни қилганим учун ҳам узоқ яшадим. Энди эса уйга кетиш фурсати келди", деган экан Ли Цинъюнь умри адоғида. Эҳтимол, бу сўзлар узоқ ва бахтиёр умрнинг энг муҳим сирларидан биридир? Биз эса тараққий этган жаҳонда умримизни инфрақизил нурли юқори технологиялар ҳамда замонавий дори-дармонлар ёрдамида узайтиришга уринаётганимиз қизиқ ҳолат.

Кунлардан бир куни Лидан узоқ умр кўришнинг сири тўғрисида сўралганида у қуйидагича жавоб берган: "Юракни осойишталикда сақланг, тошбақа мисол ўтиринг (бир жойда узоқ ўтириб қолманг), кабутар каби доимо тетик юринг ва соқчи ит каби ҳушёр ётинг".

Лининг тасдиқлашича, ички олам ва хотиржамликнинг тўғри нафас олиш машқлари билан уйғунлашуви узоқ яшаш учун жуда муҳим. Унинг парҳези ҳам узоқ яшашида муҳим ўрин тутган. Ажабланарли томони шундаки, Ер юзидаги бизга маълум бўлган энг узоқ умр яшаган инсон шунча йил умргузаронлик қилгани сабабини ўзининг ақлий ҳолати билан ҳам боғлаган. Яъни, унинг фикрича, вақт ўтиб инсоннинг ақлий салоҳияти пасайиб боргани сайин ўлим хавфи тобора ошиб боради. Шу боис, ақлий меҳнатни ҳам канда қилманг.

Бугун жаҳон миқёсида ўртача умр кўриш миқдори 65 йилни ташкил этади ва бугунги одамлар ҳатто 100 ёшдан кейин ҳам яшаш мумкинлигига шубҳа билан қарашади. 200 йилдан узоқ умр кўрган инсонни тасаввур қилиш эса одамларга гўёки қадим афсонадек гап.

Биз машаққатли иш графиги асосида ишламайдиган, умри кредитни тўлаш ташвишларидан холи бўлган, шаҳарнинг ифлосланган ҳавосидан нaфас олмайдиган ва мунтазам жисмоний ҳаракатдаги одамларнинг бўлгани ва бугун ҳам борлигини ҳисобга олишимиз керак. Улар қайта ишланган шакар, ун ёки бошқа истеъмол маҳсулотларига бизчалик муккасидан кетишмаган. Улар қўлларини таомга бизчалик кўп чўзишмайди.

Узоқ яшайдиганлар ёғли овқатларни, ширин десерт ва гени ўзгартирилган маҳсулотларни ейишмайди. Улар спиртли ичимлик ичиб, тамакига боғланиб қолишмаган. Уларнинг таомларининг таркиби зарарли моддалардан холи ва тана, иммун тизимига таъсир қилувчи табиийликка тўла.

Узоқ яшовчи инсонлар умрларининг бир қисмини табиат бағрида ўтказадилар, руҳий завқ олиб, тўғри нафас олиш техникаси билан шуғулланадилар. Бу эса уларнинг руҳий, ҳиссий саломатликлари учун жуда муҳим.

Яъни, ҳаммаси инсоннинг ўз тана саломатлигига нисбатан тўғри муносабатига боғлиқ. Шунда, эҳтимол, инсонлар бир вақтларда бўлгани каби яна 500 йиллар умр кечириши мумкин бўлар.