24-29 июль кунлари Непал пойтахти Катманду шаҳри оғир атлетика бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатига мезбонлик қилди, деб ёзмоқда Qalampir.uz. Мусобақада Ўзбекистон шарафини 15 нафар спортчи ҳимоя қилди.
Қизлар ўртасида 75 килограмм вазн тоифасида кураш олиб борган Гулноза Аҳмадова барча рақибларини ортда қолдириб, ҳам даст кўтариш, ҳам силтаб кўтаришда олтин медалларни қўлга киритди ва иккикураш натижасига кўра ҳам тенгсиз деб топилиб, Осиё чемпиони номига сазовор бўлди.
63 килограмм вазн тоифасида чиқиш қилган Кумушхон Файзуллаева эса иккита олтин ва битта бронза медалига эга чиқди. Шунингдек, Турсуной Жабборова (69 кг) учта кумуш, Шаҳло Абдуллаева (58 кг) учта бронза ва Шодмоной Очилова (90 кг) иккита бронза медалларини қўлга киритди. Натижада Ўзбекистон қизлар терма жамоаси 17 та мамлакат вакиллари орасида Хитой делегациясидан сўнг фахрли иккинчи ўринни эгаллади. Кучли учликни эса Таиланд термаси якунлаб берди.
Ўғил болалар ўртасидаги беллашувлар янада кескин ва шиддатли руҳда кечиб, унда ўзбекистонлик ёшлар қитъада тенгсиз эканликларини амалда исботлай олишди. Айниқса, Сарвар Тоштемиров (69 кг) ва Александр Ли (94 кг) қайд этган натижалар таҳсинга сазовор. Ҳар иккала спортчи учтадан олтин медалларга эга чиқиб, ўз вазн тоифаларида барча рақибларини ортда қолдиришга муваффақ бўлишди ва Осиё чемпионлигини тантана қилишди.
Саидмуҳтор Саидаҳроров (94 кг) уччала йўналишда кумуш медалларига лойиқ кўрилди. Азим Хожиев (85 кг) учта, Мушаррафбек Раҳимов (62 кг) иккита ва Муҳаммадқодир Тоштемиров битта бронза медалларига эга чиқишди. Якунда Ўзбекистон терма жамоаси 27 мамлакат делегациялари орасида биринчи ўринни эгаллаб, энг яқин таъқибчилари Таиланд ва Эрон термаларидан илгарилаб кетди.
Осиё чемпионатида иштитирок этган делегация аъзолари ўтирган самолёт кеча, 29 июль куни маҳаллий вақт билан соат 14:00 да Ислом Каримов номидаги Тошкент Халқаро аэропортига келиб қўнди.