Биласизми?

Лари Эллисон: Етимликдан "жаҳоннинг энг бой кишиси"гача

Эҳтимол, сиз Лари Эллисон ҳақида эшитмагандирсиз. Аммо, ахборот технологиялари даври кишилари у асос солган, жаҳоннинг энг қиммат дастур ишлаб чиқарадиган Oracle компанияси ҳақида озми-кўпми эшитишган. Жаноб Эллисон айни пайтда  $49 миллиард маблағи билан жаҳоннинг энг бой кишилари бешлигидан ўрин эгаллаб турибди. Таниқли "Iron Man" (Темир одам) фильми ҳам унинг ҳаёти ҳақида сўзлайди.

Миллиардер сўнгги чорак аср давомида жаҳон иқтисодиёти ва технологиялар олами, одамлар турмуш тарзига ўзгаришлар олиб кирган инсонлардан бири.

Омадсиз болалик

"Менда муваффақиятим учун асқотган жамики муҳтожлик ва машаққатлар мавжуд эди", дейди бизнесмен кейинчалик ўзининг болалик йилларини хотирлаб.

Лари Эллисон 1944 йилда Нью-Йоркнинг аҳоли энг кўп истиқомат қиладиган Манҳеттен туманида туғилган. Унинг онаси -- 19 ёшли турмуш қурмаган ёш қиз Ларрини амаки ва холасининг қарамоғида қолдириб, Чикагога кетади. Шу билан орадан 48 йил ўтибгина она-бола кўришишади.

Орадан бир фурсат ўтиб, қаровсиз қолган гўдакни бошқа бир оила асраб олади.

Бўлажак миллиардернинг болалиги 2 хонали уйда ўтди. У 12 ёшга кирганида асранди эканини билиб қолади. Руҳида аллақандай норозилик, ғалаён уйғонган Ларри яхши ўқиб, билим олишга ҳаракат қилади.

Ўқиш йиллари

Иллинойс университетида 2-босқичда ўқиб юрганида уни асраб олган онаси вафот этади. Тушкунликка тушиб қолган Ларри имтиҳонларни ҳам топширмасдан университетни тарк этади. Бир муддат ўтиб у Чикаго университетида компьютер дизайни ва дастури бўйича таҳсил олади.

У жаҳон ахборот технологиялари марказларидан бири бўлган Силикон водийсининг ўқишни тамомламасдан тарк этган миллиардерларининг тўнғичи. У Билл Гейтс, Стив Жобс, Майкл Деллдан ҳам олдин орзуси йўлида университетни ташлаб кетиш "анъанаси"ни бошлаб берган.

1966 йилда, 22 ёшида Шимолий Калифорнияга кўчиб кетади. Унинг илк ҳамкорлиги ҳам Amdahl Corporation билан юқори тезликдаги компьютерлар тизимини яратишдан бошланади.

Oracle'га асос солиниши ва мувафаққият

1977 йилда Эллисон 2 ҳамкасби ёрдамида Software Development Labs компаниясига асос солади. Тинимсиз изланиш ва сабр билан қилинган меҳнат натижасида бир қанча компьютер ва дастур лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилади.

Марказий Разведка Бошқармасининг буюртмасига мувофиқ, компания Oracle номли маълумотларни бошқариш тизимини яратади. Шундан сўнг бир қанча тижорий лойиҳалар амалга оширилади.

1981 йилда IBM компанияси Oracle дастурини ўзининг компьютерларига мослаштиришга киришади ва Ларрининг кетмони уча бошлайди. Кейинги 7 йил давомида даромад ҳажми йилига 2 баробардан ўсиб борди. Ларри Эллисон Oracle дастури олиб келган шон-шуҳрат эвазига компанияга Oracle компанияси номини беради.

1986, Oracle акцияларини сотувга чиқариб,  $31.5 миллионга эга бўлади. 1990 йилда компания инқироз ёқасига келиб қолади. Компаниянинг бозордаги капитали 80 фоизга тушиб кетади. Эллисон компания муқаррар ҳалокатдан асраб қолиш учун компанияга ёш ва малакали менежерларни ёллайди. У бу вазиятда илғор маҳсулотларгина Oracle'га ёрдам беришини англаб етган эди. 1992 йилда эълон қилинган Oracle 7 маълумотлар базасини бошқариш тизимидан сўнг компания яна ўз нуфузини қайтаради.

1990-йилларда молиявий институтлар, йирик бизнес компаниялари, автомобиль компаниялари маълумотлар базасини яратиш бўйича Oracle билан ҳамкорлик қиладилар. Кейинни кўра оладиган қобилиятли раҳбар сифатида Элиссон компания сайти орқали электрон бизнес иловалар савдосини йўлга қўяди. Электрон тижорат кўп ўтмасдан даромадларнинг ошиб кетишига хизмат қилади. 2000-йилнинг бир чорагининг ўзида фойда ҳажми 76 фоизга кўтарилади. Натижада, Ларри Эллисон бойлиги бўйича ўша вақтдаги "жаҳоннинг энг бой кишиси" бўлган Билл Гейтсдан ўзиб кетади.

2004 йилдан бошлаб Эллисон Oracle'нинг бозордаги ҳиссасини бошқа майда компанияларни сотиб олиш эвазига оширишга киришди. Хусусан, 2009 йилда Sun Microsystems, PeopleSoft компанияларини сотиб олгач, Oracle жаҳоннинг энг йирик дастур ишлаб чиқарувчисига айланади.

Ларри Эллисон 1978 йилдан 1996 йилгача Oracle'га президентлик қилди. У Oracle'нинг якка-ёлғиз бош директори.

Ларри Эллисон ҳаётидан сабоқлар

:) Асл ота-онасидан рад этилган бўлса-да, асранди ўғил сифатида бошқа оилада улғайган бўлса ҳам, у тақдирнинг синовларини мулоҳаза ва донолик билан енгиб ўтди ва ҳаётини яхши томонга ўзгартира олди.

:) Гарчи, баъзи нарсалар келажакда содир бўлса ҳам, сен уларни ҳозир кўришга ўрган.

:) Бизнесинг инқирозга юз тутаётган бўлса, уни ўз саъй-ҳаракатинг ва имкон қадар ўз ҳамёнинг эвазига қутқариб қол.

:) Ўз рақобатчиларинг билан суҳбатлашиб, уларнинг режалари ва ўз камчиликларингни билишдан қўрқма.

:) Яхши ва иқтидорли ходимлар ёллашга ўрган ва улар сен билан бирга муваффақият учун курашадилар.

:) Бизнесда тезкор юксалиш учун компания фойда олиб келадиган бошқа компанияларни сотиб олиши керак.

:) Ларри табиатни асраш, тиббий тадқиқотлар, таълим ва хайр-саховат йўлида миллионлаб долларларини аямайди. Мисол учун Билл Гейтс ва Уоррен Баффетнинг хайрия акциясига ҳам миллион доллар маблағ ажратган. Фақат унинг бир камчилиги -- бошқалар каби буни кўз-кўз қилмайди.

:) "Чинакам муваффақиятли одамлар омаднинг ортидан чопганлари учун эмас, муваффақиятсизликдан ғолиб келишга интилганлари учун ҳам шу даражага етадилар", дейди миллиардер.

Шуҳрат Сатторов, журналист