Ёпиқ феълли кишиларни лидерликка бошлайдиган 6 хислат

Ёпиқ феълли кишиларни лидерликка бошлайдиган 6 хислат

Ҳаётда сўзамол одам бор, камгап одам бор. Уларнинг биринчиси «экстроверт», яъни очиқ, дилидаги тилида турадиган тоифа бўлса, иккинчиси «интроверт», яъни камгап, ўз олами ва ўй-хаёлларига ғарқ тоифага мансуб.

Экстроверт – сўзамоллардан нотиқлар, журналистлар, адвокат, жамоат арбоблари чиқади, ҳеч бўлмаса улар блогерлар сифатида ўзларини намоён қиладилар.

Интроверт ёки камгап одамни лидерликка қиёслашни кўпчилигимиз хато деб ўйлаймиз. USA Today нашри ўтказган тадқиқот шуни кўрсатмоқдаки, интроверт феъл-атворли раҳбарларнинг 65 фоизи айнан шу феъли туфайли лидер бўла олишмас экан. Яна қайд этилишича, бугунга қадар жаҳонга маълум лидерларнинг 40 фоизи «ёпиқ» феъл-атворга эга эканлар. Ва булар кучли шахсиятга эга инмонлар экан. Буларнинг қаторига Билл Гейтс, Уоррен Баффет, Чарлз Швабни киритиш мумкин.

  1. Интровертлар мулоҳазали бўлишади.

Олқиш ва эътиборга ўч бўлган, шошма-шошар экстровертлардан фарқли равишда, интроверт феъллилар бирор имкониятдан ўрни келгандагина фойдаланадилар. Шу сабабли, очиқ феъли одам «Келинглар, бу ишни қилайлик!» деб турганида, интроверт «Қилаётган бу ишимиз тўғримикан?» деб сўрайди. Яъни, бу тоифа одамлар 7 ўлчаб бир кесишади.

  1. Интровертлар тинглашади ва ўрганишади.

Экстроверт ҳаммани ўзига қаратишни истайди, диққат-эътибор маркази унинг севимли ҳолати. Аммо интроверт тинглашни яхши кўради ва гапиришдан олдин бошқаларнинг фикр-мулоҳазасини таҳлил қилади. У бошқа биров гапираётган пайтда ундан кейин нима ҳақида гапиришини ўйламайди. Интроверт шу одамни тинглаб туриб, нима дейишни ўрганади.

«Сукут инқилоби» асари муаллифи Сюзан Кейннинг ёзишича, интровертлар ташқи томондан қўллаб-қувватлансалар ҳам, чинакам мотивация уларнинг ич-ичида пайдо бўлади. Яъни, уларнинг муваффақияти кимнингдир муносабатига боғлиқ эмас.

  1. Камгап феъл – интровертлар учун муваффақият дастаги.

Мактаб даврларини эсланг: ҳеч қачон гапирмаган Азиз тўсатдан гапира бошласа нима бўлган эди? Бутун синф бирваракайига Азиз томонга худди чақмоқ чаққандай ҳайрат билан қараган, унинг гапира бошлаганидан ўқитувчи ниҳоятда севинган эди.

Мана шу интровертларга хос камгап феълнинг муваффақият дастаги: улар оғир-босиқлик, мулоҳаза ва ижобий фикрлаш орқали керакли лаҳзага эгалик қилишади. Яъни, унинг сукунатни бузган овози шовқин эмас, янгилик деб баҳоланади.

  1. Интровертлар камгап ва хокисор бўлишади.

Экстровертлар ҳам камсуқум бўлишади. Бироқ камгаплар ўзларининг имкониятлари ва муваффақиятларини доноларча чамалай оладилар.  Инсондаги камтаринлик унинг ўз хато ва камчиликларини, ожиз жиҳатини  тан олиш билан ўлчанади. Интроверт кишилар ўз камчиликларини тан оладилар ва тўлдиришга интиладилар. Бу эса бизнесда ва ҳаётда муваффақиятга эришишнинг муҳим таркибий қисмидир.

  1. Интровертлар кўп иккиланишади.

Ўз ўй-хаёллари, ички овозини тинглаш билан банд бу каби одамлар экстровертлардан фарқли ташқи таъсирларга чидамли бўлишади. Шу сабабли улар хотиржам ишлайдилар, тушкунликка тушмайдилар, бошқаларнинг гап-сўзи улар учун аҳамиятсиз. Гарчи, ташқи томондан сезилмаса ҳам, интровертлар қарор қабул қилишга қийналадилар.

Альберта Эйнштейн айтгани каби, муваффақият менинг ақллилигим эмас, муаммолар билан узоғроқ кураша олишим билан боғлиқ.

Баъзида иккиланиш ва шубҳа ҳам лидернинг фойдасига хизмат қилади.

  1. Интровертлар учун ёлғиз ишлаш қулай.

Каттароқ бизнес очган инсон учун шериклар ортиқчалик қилади. Шерикчиликда ош пишмайди. Интровертлар диққатни муайян нарсага қаратиш осон бўлгани учун ҳам ёлғиликни яхши кўрадилар.

Apple асосчиларидан бири бўлмиш Стив Возняк шундай дейди: «Мен учратган аксари кашфиётчи ва муҳандислар уятчан, камтар, ўз хаёллари билан банд одамлар. Улар ёлғиз бўлсаларгина самарали ишлашади, бирор кашфиётнинг ечимини назорат қила олишади. Сизга ҳам сиз учун эриш туйилиши мумкин бўлган маслаҳатни бераман – ёлғиз ишланг. Шунда илғор маҳсулот ва кашфиётлар қила бошлайсиз».