Хавфли объектлар суғурта қилинмаганлиги учун ЭКИҲнинг 15 бараваригача жарима жорий қилинади

Хавфли объектлар суғурта қилинмаганлиги учун ЭКИҲнинг 15 бараваригача жарима жорий қилинади

Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими порталида қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Унга кўра хавфли ишлаб чиқариш объектида авария юз берган тақдирда зарар етказганлик учун жавобгарликни мажбурий суғурта қилиш талаби бузилганлиги учун маъмурий жазо жорий қилинади. Бу ҳақда Norma.uz ёзмоқда.

Эслатиб ўтамиз, «Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуннинг 20-моддаси ва  Хавфли ишлаб чиқариш объектида авария юз берган тақдирда бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига ҳамда атроф-муҳитга зарар етказганлик учун фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тартиби тўғрисида низомга (10.12.2008 йилдаги 271-сон ВМҚга 5-илова) кўра суғурта қилиш талаб этилади.

Бундай ҳуқуқбузарлик учун хавфли ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланадиган ташкилотларнинг мансабдор шахслари ЭКИҲнинг 10 баравари миқдорида жарима тўлайдилар. Маъмурий жазо қўлланилганидан кейин 1 йил давомида такрор содир этилган тақдирда ЭКИҲнинг 15 баравари миқдорида жарима тўланади.

Жазони қўллашни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси органлари ваколатига киритиш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, хавфли ишлаб чиқариш объектларини экспертиза қилишни рухсат бериш тартиб-таомили деб ҳисобламаслик режалаштирилмоқда. Тегишинча, «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонун бундай муносабатларга нисбатан қўлланмайди.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин.