Валютавий своплар бўйича базавий курс эркин белгиланади

Валютавий своплар бўйича базавий курс эркин белгиланади

Марказий банк Бошқарувининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси банклари томонидан валютавий своп операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга тузатишлар киритилди, деб ёзмоқда Norma.

Маълумот учун: валютавий своп операцияси – битимда белгиланган муддат ва валюта курси бўйича ҳисоблашиш (қайта алмашув) шарти асосида валюталарни бир вақтда сотиб олиш ва сотиш (алмашув) бўйича икки томонлама битимдир. Валютавий своп операцияси икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмини амалга оширишда валюталарнинг дастлабки алмашинуви (спот битим), иккинчи қисмини бажаришда эса, қайта алмашинуви (форвард битими) ва своп шартномасининг ёпилиши содир бўлади.

Биринчидан, валюталарнинг базавий курсини белгилаш тартибига ўзгартириш киритилди. Энди сўм ва чет эл валютаси ёки икки чет эл валютаси ўртасидаги своп битимини тузишда своп битимининг базавий курси (спот-курс) томонларнинг ихтиёрига кўра эркин белгиланади.

Илгари спот-курс Марказий банк томонидан ўрнатилган ва своп битими тузилган пайтда амал қилган валюталар курсига тенг бўлган (ёки кросс-курс асосида ҳисобланган – чет эл валюталари ўртасидаги битимда).

Иккинчидан, илгари хўжалик юритувчи субъектлар фақат жорий халқаро операцияларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ҳолларда банк билан валютавий своп битимини тузишлари мумкин эди. Энди бу шарт бекор қилинди. Яъни юридик шахсларга ўз фаолиятлари жараёнида банкнинг тегишли хизматини ҳеч қандай чекловларсиз олиш ҳуқуқи берилди. Бироқ, ушбу операция бўйича харид қилинган чет эл валютаси фақатгина жорий халқаро операциялар бўйича амалга оширилаётган тўловлар учун сарфланиши мумкинлиги айтиб ўтилган.

Учинчидан, чет эл валюталари сифатида валютавий свопни амалга ошириш учун банклар уларнинг хоҳишига кўра исталган чет эл валюталаридан фойдаланишлари мумкин. Илгари аниқ рўйхат белгиланган эди: АҚШ доллари, евро, Англия фунт стерлинги, Швейцария франки ва Япония иенаси (яъни эркин алмаштириладиган валюта).

Ҳужжат 7.06.2018 йилдан кучга кирди.