Шавкат Мирзиёев қайси президентни устози деб билишини маълум қилди

Шавкат Мирзиёев қайси президентни устози деб билишини маълум қилди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг хориждаги нуфузи қўшни давлатлар билан муносабатга ҳам боғлиқ эканини билдирди. 13 апрель куни Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида вилоят фаоллари иштирокида ташкиллаштирилган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги сиёсатига ҳам тўхталиб ўтди. Бу ҳақда «Kun.uz»  хабар бермоқда.

«Мамлакатнинг хориждаги нуфузи ҳақида гап кетганда, тарозининг бир палласига унинг қўшни давлатлар билан муносабати қўйилади. Қўшнидан бошқа ҳеч ким у (бирон мамлакат – таҳр.) ҳақида яхшироқ маълумотга эга эмас. Шу нуқтаи назардан, Тожикистон Республикаси билан анча-мунча масалаларга ойдинлик киритилди. Шунингдек, Қирғизистон Республикаси билан ҳам худди шундай.

Қозоғистон президенти Нурсултон Абишевич билан эса ака-укамиз, у одам кўпни кўрган инсон. Мен Нурсултон Абишевични ўзимнинг устозим, деб биламан. Кўп нарсада маслаҳат бериб, йўл-йўриқ кўрсатади. Қолаверса, Туркманистон президенти билан катта муваффақиятларга эришмоқдамиз. Худо хоҳласа, Гурбангули Бердимухаммедов душанба куни (23 апрел – Kun.uz) давлат ташрифи билан Ўзбекистонга ҳам келмоқда. Биз ҳамма давлатлар билан дўстлик, биродарлик, ҳамкорликни мустаҳкамлаймиз», деди Шавкат Мирзиёев.

Ўтган йили 11 август куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган халқаро анжуманда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан Марказий Осиёнинг мамлакат ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналиши сифатида белгилангани давлатнинг яқин қўшнилар билан дўстлик, ўзаро манфаат ва яхши қўшничилик тамойилларига асосланган муносабатлар ўрнатишга самимий интилиши эканини алоҳида таъкидлаганди.

2018 йил 15 март куни эса Остона шаҳрида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифи билан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг илк норасмий маслаҳатлашув учрашуви бўлиб ўтди. Ушбу амалий учрашув тарихий ва минтақавий нуқтаи назардан жуда муҳим воқеа бўлди.

«Бундай учрашувни мунтазам ўтказиш ва минтақавий муаммоларимизни биргаликда ҳал этиш Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси. Йиғилишимиз ҳаммамиз учун умумий бўлган Наврўз байрами арафасида ўтаётгани ҳам чуқур маънога эга. Албатта, алоҳида учрашиб турардик, мулоқот қилардик, лекин бундай яхлит учрашув анчадан бери бўлмаган эди», деб фикр билдирган Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев.

Маҳаллий ҳокимият раҳбарлари билан видеоселектор ўтказаётган президент Шавкат Мирзиёев айнан қўшни мамлакатлар билан муносабатни ўз нутқида мисол қилиб келтириши – Марказий Осиё ҳақиқатан Ўзбекистон ташқи сиёсатида муҳим ва устувор йўналишга айланиб улгурганини билдиради.