Қандай қилиб ҳалол ва ишончли автомобил устасини топиш мумкин?

Қандай қилиб ҳалол ва ишончли автомобил устасини топиш мумкин?

Ўша куни ишга кеч қолиб бораётгандим, шу тобда автомобилимнинг моторида нуқсон борлигини билдирувчи сигнал чироқчаси ёниб қолди. Муаммони бартараф этиш учун автомобил устахонасига йўл олдим. Уста моторнинг бир талай эҳтиёт қисмлари эскирганлигини айтди. У машинани обдон “титкилар” экан ҳаво филтирини алмаштириш кераклигини ҳамда рул ва тормоз мойлари ҳам камайиб кетганлиги каби қатор камчиликларни айтиб дилимни хира қилди.

Мутахассис айтган нарсалар ҳақиқатми ё у мендан кўпроқ пул ишлаб олишга ҳаракат қиляптими, деган шубҳам бўлсада, йўлда тўхтаб қолиб афсусланмаслик учун машинани устахонага қолдириб кетдим.

Устахонадан машинани олиб чиқиб, сарфлаган катта ҳаражатларимни энди унутай деб турганимда яна огоҳлантирувчи чироқ ёниб қолди.
Устага кўрсатсам “Автомобилингизни аккумуляторини қувватлаб турувчи ускунаси ишдан чиқибди”, деган ташхисни қўйди. Бунинг нархи эса анчагина бўлар экан. “Бу ускунани яқинда шу йерда қўйиб бергандингиз-ку, янги деб” дея унга ўз норозилигимни билдирдим. Кейин ёнимизда турган йигит, ҳа эсладим мен алмаштиргандим деди-да, моторни кўздан кечириб, оддий бир симнинг туташувида носозлик келиб чиққаннини айтди.
Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ҳалол, ишончли ва моҳир усталар билан бирга мижозларнинг пулини шиладиган, ишончсиз, асли нўноқ бўлсада, алдашда устаси фаранг бўлган “мутахассислар” ҳам учраб туради. Ҳар бир эркак улардан қайси бири яхши уста-ю, қай бири қўштирноқ орасидаги усталигини ажрата билиши керак.

Қандай қилиб ишончли устани топиш мумкин? Бунга аниқлик киритиш учун бир неча мутахассислар билан гаплашдим ва қуйида уларнинг баъзи тавсияларини ҳукмингизга ҳавола этаман.
Машинангиз Анотомиясини (тузилишини) ўрганинг

Шу нарса аниқки, уста машинани кўраётиб автомобилнинг баъзи тизимлари ишдан чиққанлиги, у бу эҳтиёт қисми алмаштирилиши зарурлиги ёки яна бир нарсалари “чарчаганлигини” айтганида одатда мен гўёки бунга ақлим йетадигандек устанинг гапларини мақуллаб бош силкитаман. Билишимча мен каби бошқа эркаклар ҳам шундай иш тутади. Аслида, уста айтган нарсаларга кўпчилигимизнинг ақлимиз йетмайди. Энг яхши ва ишончли устани топишда биринчи қадам бу автомобиллар қандай ишлашини, унинг тузилиши ва унинг ишлаш тизимлари нималардан ташкил топганлиги ҳақида яхши тасаввурга эга бўлинг. Бунинг учун озроқ вақт ажратиб машиналарга оид қўлланмалар, китобларни ўқинг.
Машиналар ҳақида ортирган билимингизга асосланиб уста айтаётган турли камчиликлар борасида ўз нуқтаи назарингизни билдиришингиз ҳар қандай устани сергак тортишга олиб келади. Шундай қилиб, машина ва уни қандай ишлашини билишингиз ишончсиз усталардан биринчи ҳимоя ҳисобланади.

Таъмир нархлари ва усталар ҳақида кичик изланиш олиб боринг

Демак сиз машиналар қандай ишлаши ҳақида маълумотга эгасиз аммо машинангиз таъмири нархи борасида қандай келишасиз? Қандай қилиб бир устахона билан бошқасини солиштирасиз ва таъмир нархининг адолатли ёки адолатсизлигини аниқлайсиз? Таъмир учун ўртача қанча вақт кетиши лозим?
Кўпчилик усталар арзимаган эҳтиёт қисмни алмаштириб сиздан кўпроқ пул талаб қилашади ёки ярим соатлик таъмир учун икки соатлик меҳнат ҳаққини ундиришга ҳаракат қилишади. Алданишдан қочиш учун таъмир нархлари ва усталар ҳақида олдиндан билишга ҳаракат қилинг. Бунда сиз машинангиз маркаси, ишлаб чиқарувчиси ва ишлаб чиқарилган йили билан бир хил бўлган машина эгалари, танишларингиз билан маслаҳатлашиб уларнинг фикрини олинг.
Битта машина устахонаси ва мутахассис билан чекланмасдан бир нечтасига бевосита ёки интернет ва телефон орқали мурожаат қилиб улар таклиф этаётган нарх ва таъмирга кетадиган вақтни солиштиринг ва ўзингизга маъқулини танланг.

Усталар билан суҳбатлашинг ва дўстлик ришталарини ривожлантиринг

Ўз сартарошинингиз билан дўстлик муносабатларини ўрнатганингиз каби машина усталари билан ҳам дўст бўлиш яхши одат. Улар билан чин дилдан суҳбат қуриб, улар қизиққан нарсалар ҳақида гаплашинг, улар ишини мақтаб, ўз миннатдорчилигингизни аяманг. Уларга ишингиз тушмасада вақти-вақти билан уларнинг ишига ҳалақит бермайдиган вақтда учрашиб ёки телефон орқали боғланиб ҳол аҳвол сўраб туришини канда қилманг. Барибир машинангиз бузилиши тайин шунда дўстлик машинангиз таъмири нархининг анча мақбул бўлишига олиб келади.