Презервативлар ва уларнинг турлари

Презервативлар ва уларнинг турлари

Ҳар бир одам катта бўлар экан, оила қуриб жинсий ҳаётга қадам қўяди. Оиланинг тинч-тотув бўлиши, эр ва хотиннинг бир-бирини тушуниши кўп томондан жинсий ҳаётнинг нормал ва барқарор кечишига бевосита боғлиқ эканлигини олимларимиз аллақачон исботлаб бўлишган. Жинсий ҳаётга кириб борар экан, ҳар бир киши контрацепция воситаларидан етарлича хабардор бўлиши, уларнинг қўлланилиши, турлари, фойда ва зарарлари ҳақида билиши лозим бўлади. Бу эса исталмаган ҳомиланинг олдини олиш ва шу билан бирга турли юқумли касалликлардан ҳимояланишнинг олдини олади.

Ушбу мақолада эркаклар контрацептик воситаларидан бири бўлган презервативлар ва уларнинг турлари ҳақида сиз қадрли сайтимиз мухлисларини хабардор қилмоқчимиз.

Презервативлар бугунги кунга келиб пайдо бўлган контрасепсия воситалари эмас, тарихий қўлёзмалардан маълум бўлишича Англия қироли Генрих VIII нинг шифокори Чарлз Кондом қирол учун биринчи презервативни қўй ичагининг шиллиқ қаватидан ясаб берган экан. Вақт ўтиши билан презервативнинг такомиллашуви, турлари ва хилларининг кўпайиши унинг оддий халқ орасида ҳам тарқалишига олиб келган.

Презервативни ишлатишни жуда кўпчилик яхши билсада, лекин унинг қандай турини танлашга келганда “боши қотади”. Презервативлар бир қанча хусусиятларига кўра бир-биридан фарқланади. Демак,

Ишлаб чиқариш сифатига кўра:

  • Махсус тузилишларсиз бўлдан оддий, силлиқ презервативлар;
  • Зич ёпишиб турадиган контурли презервативлар, булар олатнинг анатомик шаклига кира олади;
  • Махсус тузилган презервативлар – уларнинг сиртида махсус бўртмачалар мавжуд;

Мойининг мавжудлиги ва сифатига кўра:

  • Мойсиз, оддий презервативлар (одатда жуда камдан кам ҳолларда учрайди);
  • Мойли, оддий презервативлар, одатда уларда монопропиленгликол ёки силиконли мой ишлатилади;
  • Мўл мойли презервативлар;
  • Ароматизаторли презервативлар. Одатда уларнинг мойларига турли хушбўй мойлар (парфюмерияли, мевали) қўлланилади;
  • Спермицид мойли презервативлар. Бунда презерватив мойи таркибида сперма суюқлиги таркибидаги сперматозоидларни ўлдирувчи, ҳаракатчанлигини пасайтирувчи махсус моддалар (ноноксинол-9) қўшилган бўлади;
  • эрексия муддатини чўздирувчи презервативлар, уларнинг мойи таркибида эрексияни ушлаб, уруғ отилиш вақтини чўзувчи моддалар қўшилган бўлади;
  • Қўзғатувчи презервативлар, уларнинг мойи таркибида қон томирларига тезда сўрилувчи, ҳиссиётни қўзғатувчи ва сезгирликни пасайтирувчи моддалар қўшилган бўлади.

Тайёрланган материалига кўра:

  • Латексли презервативлар, одатда бундай презервативлар таркибида 92% табиий латекс мавжуд бўлади;
  • Латекссиз презервативлар. Булар одатда полиуретан ва камдан кам ҳолларда қўзичоқнинг ичагидан (лекин жуда қиммат) тайёрланади. Полиуретанли презервативлар япон технологияси асосида ишлаб чиқарилган бўлиб, презервативлардаги аллерген хусусиятни камайтириш мақсадида қўлланилади, улар латексли презервативлардан ўта юпқа ва самарали ҳисобланади.

Бошқа бир қанча белгиларига кўра:

  • Ўлчами нисбатан катта бўлган презервативлар. Бундай презервативларнинг одатдаги стандарт презервативлардан фарқи – 54-56 мм бўлишидадир;
  • Жуда пишиқ, мустаҳкам презервативлар. Улар олат ҳажми катталашганда ҳам ўз мустаҳкамлигини йўқотмайди;
  • Ўта юпқа (ультраюпқа) презервативлар, жинсий алоқада уларнинг борлиги ҳатто сезилмайди;
  • Ёнувчи презервативлар, буларнинг мойи таркида турли фосфор тутувчи моддалар мавжуд бўлиб, презерватив қўлланилган вақтда қоронғу хонада ҳам уни яққол сезиш мумкин. Бу одатда жинсий муносабатда ўзгача ҳиссиёт уйғотиш учун қўлланилади;
  • Рангли презервативлар. Улар ҳам жинсий алоқада ўзгача ҳиссиётларни юзага келиши учун хизмат қилади.
  • Турли қўшимчали (ўсимта, гажаклар, бўртмалар ва ҳ.к.) презервативлар;
  • Бир неча марта қўлланиладиган презервативлар. Ушбу презервативлар ҳинд компанияларининг маҳсулоти бўлиб, у ўта юпқа ва мустаҳкам латексдан ишланган бўлиб, уни кўп маротаба қўллаш мумкин.

Бугунки кунга келиб жуда кўплаб компаниялар эркаклар ва аёллар презервативларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Шуларнинг энг машҳурлари билан танишиб чиқсак:

Classic презервативлар:

Ушбу презервативлар ўз номидан келиб чиқиб классик услубдаги, табиий латексдан ишланадиган презервативлар бўлиб, силлиқ юзали ва учида спермани тўпловчи резервуари мавжуд. Силиконли гел билан мойланган бўлиб, ортиқча ишқаланишдан ҳимоя қилади. Кўпгина презервативлар диаметри, қалинлиги ва узунлиги билан фарқланади. Ушбу кўрсаткичлар одатда ўртача статистик кўрсаткичлардан келиб чиқиб тайёрланади. Ушбу презервативлар одатдаги қўллашлар учун жуда қулай ҳисобланади, жинсий алоқа вақтида сезувчанлик табиий сезувчанликка жуда яқин бўлади, лекин бу презервативлардан силиконли гел ва табиий латексга аллергияси борлар фойдаланиши тавсия қилинмайди.

Anatomic презервативлар:

Ушбу презервативлар классик услубдаги презервативлардан бироз фарқ қилади. Уларнинг зич ёпишувчанлик хусусиятига эга бўлиб, олатнинг айнан анатомик шаклига кира олади. Бундан ташқари у олатга зич ёпишиб туриш билан бирга унинг четки қисмидан сперманинг чиқиб кетишига асло йўл қўймайди. Презерватив қўлланилганда сезувчанлик одатдаги табиий сезувчанликдан фарқ қилмайди. Ушбу презервативдан олатнинг ўзига индивидуал шаклига эга бўлган эркаклар фойдаланиши кўзда тутилади.

Spermicide/Prolonged презервативлар:

Ушбу презервативлар уларни мойлашда ишлатиладиган мойнинг таркидаги ўзига хослик билан ажралиб туради. Уларнинг таркибида сперма суюқлигидаги сперматозоидларни ўлдирувчи модда мавжуд.  Ушбу презерватив қўлланилганда эакулятсия кечроқ бўлиб, эрексия узоқ сақланиши ҳисобига жинсий алоқа бирмунча узоқ давом этади. Шу билан бирга шуни ҳам алоҳида айтиб ўтиш лозимки, ушбу презервативларни доимий равишда қўллаш мақсадга мувофиқ эмас, улар аёл киши қини дисбиозини ёки турли аллергияларни келтириб чиқаради.

Ribbed/Dotted ёки қовурғали презервативлар:

Ушбу презервативларнинг бошқа турдошларидан асосий фарқи уларнинг ташқи тузилишида бўлиб, презерватив юзаси турли нуқталар, чизиқлар ва бошқа қўшимчаларга эга. Бу жинсий алоқа вақтида қўшимча ҳиссиётга эришиш учун қўлланилади. Лекин бу презервативлар классик услубдаги презервативлардан қалинлиги билан фарқланади.

Color ва Aroma презервативлар:

Бу турли рангдаги, таъмдаги ва ҳиддаги презервативлар бўлиб, классик услубдаги презервативларнинг нисбатан ўзгартирилган кўриниши холос.

Айни вақтда “Contex” ва “Durex” фирмаларининг маҳсулотлари дунё бўйича презервативлар савдоси билан шуғулланувчи барча бозорни юқорида санаб ўтилган барча турдаги презервативлар билан таъминлаб келмоқда. Уларнинг турли серияли маҳсулотлари мижозларга таклиф қилинган бўлиб, юқоридаги маълумотлар асосида презерватив ёрлиғидан  уларнинг қайси турга киришини билиб олиш мумкин.

Презервативларни қўллаш жараёнида яна шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, оилада исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш ёки турли юқумли касалликларнинг эр-хотиндан бирига юқишини олдини олиш вақтида қўллашда  икки томоннинг фикрини инобатга олиш лозим.

Бахтиёр ШЕРАЛИЕВ