Ўзбекистон халқаро ислом академиясида хорижий фуқароларни қабул қилиш бўйича суҳбат ўтказилди

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида хорижий фуқароларни қабул қилиш бўйича суҳбат ўтказилди

Ўзбекистон халқаро ислом академиясидаЎзбекистон Республикаси президентининг2018 йил 5 июндаги «Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорига биноан Академия таълим жараёнига хорижий мамлакатлар фуқаролари суҳбат асосида ўқишга қабул қилинмоқда.

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида хорижий талабаларни ўқишга қабул қилиш учун белгиланган тартибга мувофиқ тузилган Махсус комиссия чет эллик абитуриентлар билан суҳбат ўтказмоқда. Бугунги кунга келиб, Россия, Тожикистон ва Қирғизистондан келган фуқаролар ўзлари танлаган таълим йўналишларида ўқиш учун суҳбатдан ўтди.

Таъкидлаш жоизки, айни пайтда хорижий фуқароларни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ўқишга кириши учун аризаларни қабул қилиш ва Махсус комиссия томонидан суҳбатдан ўтказиш жараёни давом этмоқда.

Хорижий талабалар Академияга суҳбат асосида қабул қилинади. Академияда таълим олиш истагида бўлган хорижий фуқаролар батафсил маълумот олиш учун [email protected]электрон манзили ва +99871 244 95 93 телефон рақами орқали Халқаро алоқалар ва Хорижий талабалар билан ишлаш бўлимларига мурожаат қилишлари мумкин.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний- маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ ташкил этилган.

Академиянинг олдига Қуръон илмлари, ҳадиси шариф, ислом ҳуқуқи, ақида, тасаввуф, ислом иқтисодиёти ва молияси, ислом тарихи, манбашунослиги ва фалсафаси каби диний таълим йўналишлари, диншунослик, халқаро муносабатлар, хорижий тиллар, зиёрат туризми ҳамда мумтоз шарқ адабиёти сингари дунёвий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича бакалаврлар ва магистрлар, шунингдек, ушбу соҳада чуқур тадқиқотлар олиб борувчи илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш вазифаси қўйилган.