Ўзбекистон – Тожикистон чегарасидаги «Андархон» пости ўз ишини тиклади

Ўзбекистон – Тожикистон чегарасидаги «Андархон» пости ўз ишини тиклади

10 февраль куни Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида Тожикистон билан чегарадаги «Андархон» назорат-ўтказиш пункти очилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон24» телеканалининг «Ахборот24» дастурида хабар берилган, деб ёзади Kun.uz

Лавҳада таъкидланишича, Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида саккиз йил илгари ёпилган «Андархон» халқаро назорат-ўтказиш пунктида чегараолди аҳолиси учун соддалаштирилган тартибда чегарадан ўтиш тизими жорий қилинди.

Қайд этилишича, жорий йил ўтказилган Ўзбекистон-Тожикистон ҳукуматлараро комиссияларининг йиғилишида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо-иқтисодий алоқалар муҳокама қилиниб, учрашув давомида савдо чекловларини бартараф қилиш билан боғлиқ масалалар, фуқароларнинг ҳаракатини соддалаштириш, товарларни ташиш учун тарифларни камайтириш, икки мамлакатни боғлаб турувчи мавжуд йўлларни реабилитация қилиш, давлат чегаралари билан боғлиқ кўплаб масалалар бўйича келишиб олинган.