Ўзбек хоккейчилари БАА президенти Кубоги соҳиби бўлишди

Ўзбек хоккейчилари БАА президенти Кубоги соҳиби бўлишди

Ўзбекистоннинг «Бинокор» хоккей клуби шайбали хоккей бўйича БАА президенти Кубоги халқаро турнирида ғолиб бўлди.

«Бинокор» тўртта учрашув ўтказди ва барчасида йирик ҳисоб билан ғалаба қозонди: Бинокор – Timber Wolves 6:3, Бинокор – Tneebs 8:3, Бинокор – Oman National 12:2, Бинокор – Storms 6:4.

«Ушбу халқаро турнирда олдимизда иккита асосий вазифа турганди: мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш ва ёш хоккейчиларимизни синаб олиш. Мусобақа натижаларига кўра, биз ҳар икки вазифани аъло даражада уддаладик», — деди «Бинокор» хоккей клуби бош мураббийи Алишер Азимов.

Мусобақалар тугаганидан сўнг ўзбек жамоаси БААнинг EHL лигасида иштирок этувчи Канаданинг Mighty Camels клуби билан ўртоқлик учрашуви ўтказди.

Ўйин 10:2 ҳисобида «Бинокор» фойдасига ҳал бўлди.

«Канадаликлар ўзбекистонлик хоккейчилар ўйинидан шу даражада ҳайратда қолишдики, улар Google орқали Ўзбекистонни қидиришга тушишди. Хоккей бизда атиги 5 йил олдин пайдо бўлганини билишгач эса ҳайратлари янада ошди», — дейди Азимов.