Миллионлаб қарзи бор санъаткорлар рўйхати эълон қилинди

Миллионлаб қарзи бор санъаткорлар рўйхати эълон қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев эстрада хонандалари топган даромадлар солиққа тортилиши бўйича ҳам ўз фикрини билдириб:

“Сизларга маълумки, собиқ иттифоқ ҳудудидаги бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ, фақат Ўзбекистонда эстрада ижодкорлари аҳолига маданий хизмат кўрсатишдан топадиган даромадлари бўйича солиқ тўлаш мажбуриятидан озод қилинган. Айтайлик, хонандаларимиз ўзининг гастроль-концерт фаолиятини амалга ошириш учун бир йилда бир марта белгиланган тартибда маълум миқдордаги маблағни тўлаб, лицензия олади. Бўлди. Бошқа солиқ йўқ. Азбаройи санъатга бўлган ҳурматимиз учун уларни солиққа тортмаяпмиз”,– дея таъкидлаган эдилар.

Давлат солиқ қўмитаси Ахборот хизмати берган маълумотга кўра, ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 180- моддаси биринчи қисми 8-бандига асосан, концерт-томоша фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган шахслар ушбу фаолиятдан олинган даромадлари бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан тўлиқ озод қилинган.

Шуниси эътиборлики, бошқа ҳеч бир соҳага бундай имтиёзлар берилмаган.

Ҳар қандай ўзаро тенглик асосларига қурилган эркин жамиятда давлат ўз фуқаролари олдида ўз вазифаларини бажаргани каби фуқаролар ҳам давлат олдидаги ўз мажбуриятларини сидқидилдан адо этишга ҳаракат қилади.

Даромадидан солиқ тўламайдиган санъаткорлар пенсия ёшига етгач, белгиланган тартибда давлатдан пенсия олади. Шу сабабли, улар қонунчиликка кўра ойига 1 минимал иш ҳақи миқдорида, яъни – 149 775 сўм миқдордаги ижтимоий суғурта бадалини  тўлаб боришлари лозим бўлади.

Аммо бир қатор санъат аҳли концерт-томоша фаолиятидан даромад  кўрса-да, лекин белгиланган ижтимоий суғурта бадалини ўз вақтида тўламай келмоқда.

“Санъаткорлар доимо халқ кўз олдида бўлади. Уларнинг туриш-турмуши барчани қизиқтиради, кези келганда улардан кўпчилик ўрнак олади.

Аслида, аксарият хонандалар ижтимоий суғурта бадали сифатида бир йил учун тўланадиган пулни битта тўй ёки бошқа тадбирнинг ўзидан топади.

Яратилган шунча имконият ва имтиёзларга қарамасдан давлат олдидаги мажбуриятларини адо этишга масъулиятсизлик қилинишини қандай изоҳлаш мумкин?”– деган савол ўртага ташланади Давлат солиқ қўмитаси Ахборот хизмати тарқатган маълумотда.

Эслатиб ўтамиз, бироз муқаддам kommersant.uz  санъаткорлардан ундириладиган давлат божи мавзуига эътибор қаратган эди.