LonelyPlanet рейтинги: Ўзбекистон Осиёнинг энг саёҳатбоп ўлкалари сафида

LonelyPlanet рейтинги: Ўзбекистон Осиёнинг энг саёҳатбоп ўлкалари сафида

Саёҳат йўналишида жаҳонга машҳур ва энг нуфузли нашрлардан бири ҳисобланган LonelyPlanet ўзининг навбатдаги «Осиёнинг энг саёҳатбоп ўлкалари» рейтингини тақдим этди. Унда Ўзбекистон Жанубий Корея (Пусан)дан кейин шарафли иккинчи ўринга муносиб кўрилди, деб ёзади Kun.uz. Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Шайхов шу ҳақида маълум қилди.

Таъкидлаш жоизки, LonelyPlanet рейтингида Ўзбекистон Вьетнам, Ҳиндистон, Япония, Таиланд, Непал, Шри-Ланка, Хитой ва Индонезия каби таниқли йўналишларни ортда қолдирган.

Нашр Ўзбекистонда туризм шароитларини яхшилаш йўлида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолайди.

LonelyPlanet’да таъкидланишича, Ўзбекистон ўзининг ажабтовур мозаикали масжидлари ва Буюк Ипак йўли афсонаси билан сайёҳлар тасаввурига кучли таъсир кўрсатган.

«2017 йил охирига келиб мамлакат ўзининг туризм соҳасини ривожлантириб, визасиз режим ва электрон виза тизимларини йўлга қўйиб, янги ҳаво йўналишлари ҳақида эълон қилиб, темир йўл тармоғида ажойиб тезюрар поездларини ишга тушириб, улкан муваффақиятларга эришди, бу эса унинг бетакрор меъморчилик намуналари ва қадимий шаҳарларини бориб кўриш учун қулайлик яратади. Ўзбекистон ўзининг меҳмондўстлиги билан машҳур, боз устига мамлакатда ижобий ислоҳотлар олиб борилмоқда», – дейилади мақолада.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, сўнгги вақтларда LonelyPlanet’да Ўзбекистонда туризм ривожига доир қатор мақолалар чоп этилди.

Маълумот учун: Lonely Planet сайёҳларга мўлжалланган илк ва энг нуфузли нашрлардан бири ҳисобланади. Сўнгги вақтларда у шунингдек машҳур туристик онлайн-портал сифатида ҳам хизмат кўрсатмоқда. Нашрга 1972 йилда асос солинган, 300 нафарга яқин муаллиф фаолият юритади.  Lonely Planet  штаб-квартираси Австралияда жойлашган.