Жек Ма: Мақсадга етиш учун тунги бедорликда амал қилиш зарур 5 қоида

Жек Ма: Мақсадга етиш учун тунги бедорликда амал қилиш зарур 5 қоида

Ҳар куни кечки соат олтида иш кунимиз ниҳоясига етади. Бугунги интернет даврининг вакиллари кечки 12 га қадар бедор бўлишади. Шу оралиқдаги 6 соатни қай йўсинда ўтказиш эса ҳаётимизга сезиларли даражада таъсир ўтказади.

Кўпчилик учун карьера бу 8 соатлик қизғин иш соатларини англатади ва куннинг асосий куч-ғайрати айни шу соатлар учун сарфланади. Ишда ўсиш ҳам мана шу соатлардаги саъй-ҳаракатга боғлиқдек. Тун эса дам олиш, узундан-узун суҳбатлар, сайр қилиш билан якун топади.

Ҳаёт ва умр самарадорлиги, унинг мазмун-моҳияти, фаровонлик ишдан кейинги, уйқуга қадар давом этувчи  360 дақиқалик вақгта ҳам чамбарчас боғлиқ.

Қуйида сизга “энг бой хитойлик” номига эга бизнесмен, Alibaba компанияси асосчиси Жек Манинг шу дақиқалар мобайнида ҳар бир киши қилиш мумкин бўлган 5 та муҳим одат ҳақидаги фикрларини баён қиламиз.

  1. Ҳар кун кечда нима билан машғул бўлиш жуда муҳим

Мен коллежни «маркетинг» йўналиши бўйича тамомладим. Аммо, менинг орзуйим дизайнер бўлиш эди.

Дизайнерлик орзуси йўлида, бу борадаги маҳорат ва кўникмамни ошириш учун ҳар куни шу йўналишдаги қўшимча иш қилардим. Бу кўп вақтимни олиб қўярди.

Раҳбар бўлганимда эса дизайн соҳаси билан шуғулланмай қўйдим ва ўзимни маркетингга бағишладим.

Ҳар кеч, болаларим уйқуга кетиб, хонадоним сукутга чўмгач, мен ўз устимда ишлашга киришаман. Тўғри, бу кўп вақтимни олиб қўяди, уйқудан воз кечишга мажбур қилади, аммо ишда эса мен бу машаққатларнинг натижасига гувоҳ бўламан. Модомики, ўз юксалишимни фақатгина иш соатларидаги саъй-ҳаракатим билан баҳолаганимда эди, мендан ҳеч қачон креатив директор, моҳир менежер чиқмаган бўлар эди. Агар вақтида уйқудан воз кечмаганида бугунги каби маркетинг соҳасида магистрлик даражасига эришмаган бўлардим.

Мен фақатгина ўзим ўзимга берган сабоқларга ишонаман. Ва мен билган барча муваффақиятли инсонлар айни шу йўлни танлаганликларига амин бўлганман.

Дўстларимдан бири тарих факультетида таҳсил олган бўлса ҳам, ўзи техника савдосига қизиқарди. Куни билан телемаркетинг соҳасида меҳнат қилса ҳам, тунлари дастурлаш сирларини ўрганарди. Охир-оқибат у савдо-сотиқ бўйича шуғулланувчи компания вице-президентига айланди. Айни пайтда эса, у компаниянинг техник масалалар бўйича директори.

Яна бир дўстим тадбиркор бўлишни истаса ҳам, тақдир тақозоси билан сиёсатшунослик йўналишида таълим олган. У компания ташкил қилишга жуда қизиқар ва тунлари шу соҳа сир-асрорларини ўрганарди. У кун келиб орзусига эришди: йирик компания ташкил этди.

Уларнинг истиқболини тунги 12 га қадар бўлган вақтда бажарган амаллари белгилаб берган эди. Шубҳасизки, кўп нарса ҳаёт ва иш ўртасида мувозанатга кўп нарса боғлиқ. Агар оилали бўлсангиз, кечки пайт улар учун ҳам вақт ажратишингиз лозим бўлади.

Ёлғиз бўлган тақдирда ҳам, машқ залларига боришга, дўстлар билан учрашишга тўғри келиши аниқ. Албатта, янги фильмларни томоша қилиш, ўйинлар ўйнаш ўз йўлига, аммо вақтни Facebook тармоғидаги беҳуда ҳаракатларга бағишлаш керак эмас.

  1. Кўпроқ ўқинг, шунда кўп нарса ўзгаради.

Менининг коллеждаги устозим Америкада, келиб чиқиши африкалик бўлган камбағал оилада туғилган. У ўз оила аъзолари ичида коллежга қабул қилинган илк одам бўлган экан. Вақти келиб у Гарвардда магистрлик даражасига эришади ва моҳир офицер бўлиб етишади. Мен уни учратганимда у Колорадо-Спрингс шаҳрида карьера қилаётган эди.

Устозимдан унинг муваффақияти сири нима бўлганини сўраганимда, у ҳеч қачон ўқишдан тўхтамаганини айтган. У доимо ўқиб-изланиш, билим ҳаётда ким бўлишни ҳал қилувчи калити деб ҳисоблаган. У суҳбатдошларидан тез-тез улар қайси китобни ўқиётганликларини сўраб туради. Ва, табиийки, улардан ҳаммаси ҳам саволга зудлик билан жавоб бера олмасди.

Мутолаа сизни юксалтириш, ҳамкасблариз орасида бош бўлишингизга хизмат қилади. Ким кўп ўқиса, табиийки турли йўналишларда билими бойиб боради ва меҳнат қилаётган муассаса ривожига ҳам шу қадар юқори ҳиссаси тегади.

Бу билимлар сизнинг суҳбатларингизга муштоқлар сонини ошишига олиб келади. Ўз-ўзидан ҳурматга сазовор инсонга айланасиз.

Америкалик ёзувчи Энтони Роббинс шундай дейди:

«Агар ҳар куни 1 соат вақтингизни бирор соҳага оид билимлар олишга сарфласангиз, йил ўтиб сиз бу борада жаҳоннинг қолган 99,999% кишисидан кўпроқ билимга эга бўласиз».

Ҳаттоки, ҳар куни кечки маҳал 30 дақиқа вақтингизни ажрата олсангиз, бир ҳафтада касбингизга, қизиқишингизга мос битта китобни мутолаа қилишга эришасиз. Тўғри, бу билан  соҳанинг моҳир устасига айланиб қолмайсиз, аммо атрофингизда меҳнат қилаётганлардан кўра кўпроқ билимга эга бўлган бўласиз.

  1. Турли лойиҳаларда иштирок этинг

Модомики ишда сизда мавжуд кенг билимни татбиқ этишга шароит бўлмаса, унда ўзингиз мустақил ҳаракат қилиб, бу имкониягта эришинг. Кўнгилли равишда қизиқишларингиз доирасидаги лойиҳаларда иштирок этинг. Улар сизга муваффақият олиб келади.

Жамоа билан ишлаш чоғида бу соҳадаги билимларни амалда татбиқ этасиз ва амалий натижага эришасиз.

Сиз бу жараёнда вазифани ўз вақтида уддалаш, лойиҳа юзасидан фикр-мулоҳазаларни ўрганиб, тегишли хулоса чиқариш кўникмасига эга бўласиз. Бу жараён сиз олаётган ойлик миқдоридан ҳам қадрлироқ бўлиши мумкин.

  1. Алоқалар ўрнатишда фаол бўлинг

Алоқа ишда ўсишда муҳим аҳамият касб этади. Агар сизда ўз соҳангизда таниш-билишлар кам бўлса, унда саъй-ҳаракатингизни шу мақсадга йўналтиринг.

Алоқа сизга қуйидаги имкониятларни беради:

– ақлли кишилар билан мулоқот қилиш ва уларнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганиш;

– олиш қийин бўлган маълумотларни билиш;

–  сиз меҳнат қилаётган муассаса учун керакли, наф келтирадиган салоҳиятли ҳамкорлар топиш.

Иш юзасидан ҳамкасблар ёки раҳбарлар билан суҳбатлашиб туришдан ийманманг.

Модомики, кун келиб бизнес вакилига айлансангиз, сизнинг танишларингиз – сизнинг илк мижозларингизга айланишади.

Ишдан кейинги пайтда бар, зиёфат, уйга бориш ўрнига кези келганда бирор давраларга, клубларга боринг. У ерда иш ва шахсий қизиқишлар доирасидаги масалалар ҳаётда ўрингизни топишингизда ёрдам беради.

Ҳар ҳафта янги танишлар билан қаҳва ичиш ёки нонушта маҳалида суҳбатлашиб туринг.

Сиз LinkedIn касбий тармоқ орқали уларнинг ишдаги юксалишларини кузатиб боришингиз ёки муайян йўналиш бўйича бу тармоқда гуруҳ очишингиз мумкин. Ким билади, эҳтимол вақти келиб улар орасидан кимдир сизнинг истиқболдаги раҳбарингизга айланиши мумкин.

Сизнинг алоқаларингиз — сизнинг ишдаги энг муҳим  ютуғингиздир.

Модомики, телевизор кўришга вақтингиз бор экан, демак керакли одамлар билан мулоқот қилишга ҳам сизда вақт топилади.

  1. Ҳаётни ўзгартиришни бугундан бошлаш керак

Кечки 6 дан 12 га қадар уйда бедор бўласиз. Гарчи, жисмонан ва руҳан толиққан бўлсангиз ҳам, шу дақиқаларда ўзингиз хоҳлаган ишни кимнингдир кўрсатмасисиз ҳам қилишга кучингиз етади.

Бу дамларда миянгизни ўчириб қўйишингиз ҳам мумкин, гўё ишда компьютерни ўчириб қўйганингиздек. Шу билан бирга, сиз ақлли, кучли инсон сифатида билим доирангизни кенгайтиришга ҳам куч топишингиз мумкин. Бу ишга бугундан киришинг, ҳар кун тунда бир соатингизни ўз қизиқишларингиз тўғрисида билим олишга сарфланг.

Буларга одатлансангиз, кафил бўлишим мумкинки, бир йил ўтиб сизнинг карьера ва ҳаётингизда юксалишлар рўй бера бошлайди.