Жанубий Кореяда ишлайдиган мигрантлар орасида ўзбекистонликлар энг интизомли ва тартибли эканлиги маълум қилинди

Жанубий Кореяда ишлайдиган мигрантлар орасида ўзбекистонликлар энг интизомли ва тартибли эканлиги маълум қилинди

Корея Республикасида ишлайдиган мигрант ишчилар орасида ўзбекистонликлар энг интизомли ва давлатимиз қонунларини ҳурмат қилувчилардан ҳисобланади, деб таъкидлади Самарқандга ташрифи давомида Корея Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати бош директори Ким Донг Хо.

«Улар айниқса, меҳнатсеварлиги, ҳалол ва мардлиги бизларни ҳайрон қолдирган. Ҳар қандай касб-ҳунар бўлмасин, жуда тез ўзлаштиришади. Улар орасида юқори малакали мутахассислар жуда кўп. Ўзбекистонда уларга тадбиркорлик қилиб, ўрганиб келган ҳунарини амалда қўллаш имкониятлари яратилганлиги қувонарли», – деб айтган Ким Донг Хо.

Эслатиб ўтамиз, илгарироқ 10 сентябр куни Самарқанд шаҳрига Жанубий Корея Меҳнат вазири ташрифи режалаштирилаётгани ҳақида хабар берган эдик.

10 сентябр куни Самарқанд шаҳридаги касб-ҳунарга ўқитиш марказида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қошидаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда Жанубий Корея инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати билан ҳамкорликда Корея Республикасида меҳнат шартномаси асосида ишлаган фуқаролар билан ушбу учрашув ташкил этилди.

Учрашувда Инсон ресурсларини ривожлантириш хизматининг бош директори Ким Донг Хо, бош директор ўринбосари Ким Йеон Хонг ва мазкур ташкилотнинг Ўзбекистондаги вакили Сонг Сан Жин, Агентлик бошлиғи Ибрагимов Равшан Рафаэлович, масъул ходимлари, Самарқанд вилоятининг 20 дан ортиқ салоҳиятли иш берувчилари ва Корея Республикасига Агентлик орқали ишлаб келган 200 га яқин фуқаролар иштирок этишди.

Икки давлат ўртасидаги меморандумга мувофиқ бугунги кунга қадар қарийб 50 мингга яқин ўзбекистонликлар, шундан 5 мингдан ортиқ самарқандликлар Жанубий Кореяда Агентлик кўмагида меҳнат фаолиятларини амалга оширишган.

Меморандумга мувофиқ Ўзбекистон фуқароларининг дастлабки ойлик иш ҳақларидан Ўзбекистонга қайтиб келиш харажатларини суғурталаш мақсадида суғурта компаниясига 500 минг вон (453 АҚШ доллари) миқдорида маблағ ўтказилади ва фуқаро меҳнат шартномасини муваффақиятли тугатгач, Ўзбекистонга қайтишдан олдин мазкур суғурта маблағи ҳисоб-китоб қилиниб, қайтариб берилади.

«Аммо кўп ҳолларда мигрантларимиз меҳнат таътилида юртига келиб, яна қайтиб бормаган ёки меҳнат шартномаси тугамасдан кетиб қолган ҳолларда табиийки, иш берувчи билан ишчи ўртасида якуний ҳисоб-китоб қилинмай қолади, – дейди Республика Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Равшан Ибрагимов. – Ёки уларнинг уйларига қайтиш харажатлари учун қилинган суғурта пуллари ўз эгаларига қайтарилмай қолинган. Ҳозирда Жанубий Корея билан ҳамкорликдаги ишлар янада кенгайганлиги сабабли «Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати» томонидан бу маблағлар қайта ҳисобланиб, уларни тўлаб бериш механизми йўлга қўйилиб, бир қатор фуқароларнинг, жумладан, Самарқанд вилоятининг 163 нафар фуқароларига ҳам суғурта пуллари қайтариб берилмоқда.