Жамоат ишлари учун маош 750 минг сўмдан ошмайди

Жамоат ишлари учун маош 750 минг сўмдан ошмайди

Банд бўлмаган фуқаролар пуллик жамоат ишларига жалб қилишда энг катта маош миқдори 748 минг сўм миқдорида белгиланди.

Ўзбекистон ҳукумати банд бўлмаган фуқароларни пуллик жамоат ишларига жалб қилиш тартибини белгилади. Унга кўра жамоат ишларига жалб қилинган фуқароларнинг ойлик маоши энг кам иш ҳаққининг 5 бараваридан ошмаслиги керак. Жамоат ишларига жалб қилинаётганлар маоши барча даромад солиқлардан озод қилинган.

Жамоат ишлари давлат бюджети асосида ишлайдиган ташкилотлар томонидан ташкил қилинган ҳолларда ишчилар маоши Ўзбекистон Жамоат ишлари фонди томонидан қопланади. Жамоат ишлари тадбиркорлар ёки нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан ташкил қилинган бўлса, Фонд харажатларнинг 50 фоизини қоплайди.

Банд бўлмаган фуқаролар турли майдонларни ободонлаштириш, турар жой фондларини объектларини, кўча, йўл, тротуарларни, ирригация ва мелиорация тармоқларини таъмирлаш, мавсумий қишлоқ хўжалик ишлари, қария ва ногиронларга қараш ҳамда турли объектлар қурилиш ва таъмирлаш каби жамоат ишларида иштирок этишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, ишсиз фуқароларни жамоат ишларига жалб қилиш, тажриба тариқасида 2017 йилнинг 1 октябридан бошлаб Қорақалпоғистон ҳар бир вилоятининг бир туманида ва Тошкентда олиб  борилади. 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб бутун Республика бўйича олиб борилади.

Молия вазирлиги 2017 йилда Жамоат ишлари фондига 84 млрд сўм, 2018 йилда — 714 млрд сўм маблағ ажратган.