IT гигантларни бошқараётган 10 та ҳинд

IT гигантларни бошқараётган 10 та ҳинд

Rediff нашри бундан бир неча ой аввал жаҳондаги энг илғор IT- компанияларни бошқараётган 10 та ҳинд ҳақида маълумот берган эди. Мақола жуда қизиқарли ёзилган, унда дунё ахборот технологияларига улкан таъсир кўрсатаётган йирик компанияларни муваффақият билан идора этаётган 10 ҳинд миллатига мансуб бошқарувчилар келтирилган. Қуйида ушбу ишбилармон ҳинд шоввозлари ҳақида сўз юритамиз

Сундар Пичай. Google, Ижрочи директор

Жаҳоннинг энг қудратли IT фирмасини бошқариб келаётган ушбу камтар ҳинд йигити ҳақида аввал ҳам сайтимизда хабар берган эдик.

Сундар Пичай 43 ёшда. У 2015 йилда Google маҳсулотларининг ривожига катта ҳисса қўшганлиги учун Google’нинг ижрочи директори лавозимига тайинланган. Бундан аввал эса у Google’нинг маҳсулотларни ривожлантириш бўйича раҳбари лавозимида ишлаган ва Google+Google Wallet, Android Pay каби сервисларнинг юксалишига жавоб берган.

11pichai2

Пичай Google компаниясига 2004 йилда ишга жойлашган ва Google Chrome, Chrome OS ва Google Drive хизматларининг яратилишида муҳим роль ўйнаган. У АҚШдаги машҳур Стэнфорд университети ва Уортон бизнес мактабида таҳсил олган.

Сатья Наделла. Microsoft, Ижрочи директор

Гарчи Google’ни забт этган Сундар Пичай ҳозирда кўпчиликнинг ҳайратига сабаб бўлса-да, аслида унинг Сатья Наделла исмли ҳамюрти ундан-да аввалроқ Microsoft компаниясининг ижрочи директори лавозимига сайланган эди. Сатья Наделла АҚШда энг кўп маош оладиган ижрочи раҳбар ҳисобланади. Наделла Microsoft’да 1992 йилдан бери хизмат қилади.

31satya-nadella5-600x453

Наделла Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод штатидан. Электроника ва коммуникация муҳандислиги йўналиши бўйича Манипал технология институтини тамомлаган. Кейинчалик АҚШнинг Висконсин университети ва Чикаго университетларида таҳсилини давом эттирган. У Microsoft’га қўшилишидан олдин Sun Microsystems компаниясида ишлаган.

Санжай Кумар Жҳа. Global Foundries, Ижрочи директор

Ҳиндистоннинг Биҳар шаҳридан бўлган Санжай Кумар Жҳа бугунги кунда яримўтказгичлар ишлаб чиқариш бўйича жаҳоннинг энг йирик фирмаларидан бўлган Global Foundries компаниясини бошқаради. Бундан аввал у Qualcomm компаниясида бош ижрочи директор вазифасида ишлаб келган. Шотдандиянинг Стратклайд университетида электрон муҳандислик бўйича докторлик даражасига (PhD) эга.

sanjay-jha-600x337

Санжай Кумар Жҳа АҚШдаги энг кўп маош оладиган ҳиндистонлик бошқарувчилардан биридир.

Шантану Нарайен. Adobe, Ижрочи директор

Асли Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод штатидан бўлган Шантану Нарайен дастурий таъминот йўналишида жаҳондаги энг йирик компаниялардан бири – Adobe’ни бошқаради. Унинг раҳбарлиги остида мазкур фирма жаҳон IT инфраструктураси бозорида ўз мавқеини йилдан-йилга ошириб бормоқда.

16ceo3-600x469

Шантану Нарайен дунёдаги энг кўп маош оладиган ижрочи директорлардан бири саналади. Османия университетида электрон муҳандислик мутахассислиги бўйича таҳсил олган. Кейинчалик Калифорниянинг Беркли ва Огайо штатида жойлашган Боулинг Грин университетида ўз билимларини мустаҳкамлаган.

Никеш Арора. SoftBank Internet and Media Inc, Ижрочи директор

Никеш Арора узоқ йиллар давомида Google компаниясида турли етакчи лавозимларда ишлаган. Бироқ у ўтган йили қидирув гиганти билан хайрлашиб, SoftBank Internet and Media Inc. компаниясининг раҳбар муовини бўлиб иш бошлади. Арора мазкур компанияда интернет, телекоммуникация, медиа ва глобал сармоя масалаларига жавоб беради.

13arora

Google компаниясига ишга киргунча, у Putnam Investment фирмасида телекоммуникация таҳлилчиси вазифасида фаолият кўрсатган.

Никеш Арора электр муҳандислиги бўйича таҳсил олган. Кейинчалик АҚШнинг Бостон коллежида молияни ўрганган.

Франциско Дсуза. Cognizant, Ижрочи директор

IT-саноатидаги энг ёш ижрочи директорлардан бўлган Дсуза Cognizant компаниясида 1994 йилдан бери хизмат қилиб келади. У бундан 8 йил аввал мазкур компаниянинг ижрочи директори лавозимига тайинланган. Ўшанда у бор-йўғи 38 ёшда эди.

frank-kJIH-621x414@LiveMint

Франциско Дсуза Ҳиндистоннинг Гоа штатидан. У айни вақтда General Electric концернининг директорлар кенгашига ҳам аъзолик қилади.

Дсуза East Asia ва Carnegie-Mellon университетларида бизнес бошқарувини мутахассислиги бўйича ўқиган.

Динеш Паливал. Harman International, Ижрочи директор

Динеш Паливал 2007 йилдан бери автомобиллар, истеъмолчилар ва ихтисослашган бозорларга аудио ва инфотеинмент тизимларини тайёрлайдиган Harman International фирмасини бошқариб келади. Унинг бошқаруви остида компания ўз соҳасида йирик ва инновацион гигантлардан бирига айланди.

Динеш асли Тожмаҳал жойлашган Агра шаҳридан. У Ҳиндистоннинг Технология университетида ва молия йўналиши бўйича Майами университетида таҳсил олган.

Санжай Меҳротра. SanDisk Corporation, Ижрочи директор

Санжай Меҳротра SanDisk Corporation компаниясининг таъсисчиси ва ижрочи директоридир. Фирма хотира чипларини ишлаб чиқариш бўйича жаҳоннинг энг йирик компанияларидан бири ҳисобланади.

Унинг бошқаруви остида компания корпоратив сегмент учун SSD карталар тайёрлашни кенгайтирди ва мобил саноатда ўз ўрнини топишга интилмоқда.

5-Things-to-know-about-Sanjay-Mehrotra-SanDisk-768x427

Меҳротра АҚШнинг Беркли университетида электр муҳандислиги ва компьютер технологиялари бўйича таҳсил олган. Кейинчалик у Стенфорд университетининг бизнес бошқарувига ихтисослашган дастурини тамомлади.

Ражив Пури. Nokia, Ижрочи директор

Ражив Пури ахборот технологиялари соҳасида мана сал кам 25 йилдан бери ишлаб келади. У мобил тармоқлар, йирик маълумотлар таҳлили, булут хотира ва интернет бизнеси йўналишларида жуда катта тажрибага эга.

У 2014 йилда Nokia компаниясининг ижрочи директори лавозимига тайинланган.

2014-04-29-image-8-600x397

Манипал технология университетида муҳандислик йўналиши бўйича ўқиган. 1967 йилда Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида туғилган. Айни вақтда Финландияда истиқомат қилади.

Жорж Куриан. NetApp, Ижрочи директор

АҚШнинг NetApp номли компьютер хотиралари ва маълумотларни бошқариш компаниясига ҳам ҳинд миллатига мансуб шахс раҳбарлик қилади.

Куриан мазкур компанияга 2011 йилда ишга қирган, 2015 йилда ижрочи директор лавозимига тайинланган. NetApp’дан олдин Жорж Куриан Cisco компаниясида бош менежер бўлиб хизмат қилган. Энг қизиғи, унинг эгизак укаси Томас Куриан Oracle фирмасининг президенти ҳисобланади.

george-kurian-600x450

Жорж аввал Ҳиндистоннинг Мадрас институтида, кейин эса АҚШнинг Принстон университетида электр муҳандислиги бўйича таҳсил олган. Шу билан бирга, Стенфорд университетида бизнес бошқарувини ўрганган.

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/uzerkak