Ҳунармандлар юкни 25% чегирма билан олиб ўтишлари мумкин бўлди

Ҳунармандлар юкни 25% чегирма билан олиб ўтишлари мумкин бўлди

Хорижий мамлакатларда ўтказиладиган кўргазма, танлов ва ярмаркаларда намойиш этиш учун ҳунармандчилик маҳсулотлари олиб чиқилишининг соддалаштирилган тартиби тўғрисидаги низом эълон қилинди. Ҳужжат ташқи савдо, ташқи ишлар ва маданият вазирликлари, шунингдек Давлат божхона қўмитасининг қўшма қарори билан тасдиқланган, деб ёзмоқда Norma.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 29.12.2017 йилдаги ПҚ–3451-сон қарорига мувофиқ 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектларига хорижий давлатларда ўтказиладиган кўргазма ва ярмаркаларда намойиш этиш учун мўлжалланган, қиймати 5 минг АҚШ долларигача (эквивалентда) бўлган товарларни экспорт контракти тузмасдан ҳамда божхона юк декларациясини расмийлаштирмасдан олиб чиқишга рухсат этилган. Бироқ товарларнинг юк ҳужжатлари бўлиши талаб этилади.

Қабул қилинган Низомда белгиланишича, «Ҳунарманд» уюшмаси аъзолари учун унинг Бадиий кенгашининг хулосаси ана шундай товарнинг кузатув ҳужжати ҳисобланади. Ҳунарманд хулосани олиш учун ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни кенгашга тақдим этади, у 1 иш куни давомида маҳсулотнинг Ҳунармандчилик фаолиятининг асосий йўналишлари, ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқариладиган буюмлар ва товарлар (иш, хизмат кўрсатиш) турларининг рўйхатига (17.11.2017 йилдаги ПФ–5242-сон Фармонга 1-илова) мослигини аниқлайди. Хулосада олиб чиқиладиган маҳсулотларнинг номи, миқдори, қиймати, режалаштирилган кўргазма, танлов ва ярмаркаларнинг ўтказилиш санаси ва жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.

Сўнг кенгаш маҳсулотни Маданият вазирлигининг Бадиий экспертиза бошқармасига юборади. У ерда унга махсус сертификат расмийлаштирилади.

Ушбу 2 та ҳужжатни божхона постида тақдим этиш ҳамда бунда режалаштирилган хорижий кўргазмада (ярмаркада) қатнашиш, у ўтказиладиган жой, сана ва вақт, шунингдек олиб чиқилаётган товарлар (номи, миқдори ва қиймати) тўғрисида хабардор қилиш талаб этилади.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ҳунармандларга белгиланган нормадан ортиқ бўлган юклари (ҳунармандчилик маҳсулотлари) учун амалга ошириладиган тўловларда 25 фоиз махсус чегирмалар берилишини таъминлайди.

Хорижда маҳсулотларни сотишдан тушадиган валюта маблағлари эса ҳунармандларнинг Ўзбекистон тижорат банкларидаги ўз ҳисобрақамларига, шу жумладан банк ўтказмалари ва хорижий валютадаги нақд пул шаклида киритилган бўлиши керак. Шундан сўнг ҳунарманд ушбу маблағларни эркин тасарруф этишга, шу жумладан банк ҳисоб рақамларидан нақд пул шаклида олишга ҳақли бўлади.

Ҳужжат 3.05.2018 йилдан кучга кирди.