Human Rights Watch: Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари борасида янги саҳифа очди

Human Rights Watch: Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари борасида янги саҳифа очди

Сўнгги вақтда Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида нозик мавзулар бўйича мулоқот ўрнатишга эришилди.

HRWнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердловнинг Podrobno мухбирига айтишича, президент Шавкат Мирзиёев ташкилотнинг мамлакатдаги фаолияти кенгайишини қўллаб-қувватламоқда.

Тошкентда Human Rights Watch (HRW, «Инсон ҳуқуқлари қўриқчиси») офиси 1996 йилда очилганди. Аммо 2010 йил декабрда Ўзбекистон Адлия вазирлиги HRW ваколатхонасини ёпиш бўйича Олий судга даъво киритган. 2011 йил июнда даъво қондирилган.

Етти йиллик танаффусдан сўнг ҳукумат HRW делегацияга мамлакатга киришга ижозат берди ва улар «илгари бўлмаган кўплаб ижобий ўзгаришларни» ўз кўзлари билан кўришга имкон яратилди.

«Биз Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги остида кейинги 14 ойда қилинган саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш ва давом эттириш борасида тавсиялар берамиз», — деди Свердлов.

Ислоҳотларни баҳолаш

Ташкилот Мирзиёевнинг мамлакатда Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ олий комиссари ваколатхонасини очиш таклифини олқишлайди.

«Шуни айтишни истардимки, қатор музокаралардан сўнг замон дарҳақиқат ўзгарибди. Менга ҳеч ким: «Стив, агар бу ерда ишлашни истасангиз, камроқ танқид қилинг», демади. Бизнинг ишимизга ҳеч қандай аралашув бўлмади. Албатта, биз Ўзбекистон қонунчилигини ҳурмат қиламиз ва мандатимиз доирасида иш олиб борамиз: ишлаётган мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ўрганамиз, тавсиялар берамиз. Шу сабабли ўзбек тилини ўрганмоқдаман ва суҳбатдошларим ҳолатини яхшироқ тушунишга ҳаракат қилмоқдаман», — деди HRW эксперти.

Стив Свердловнинг фикрича, ўзбек жамияти ҳаётида ўзгаришлар юз берганини ифодаловчи уч асосий жиҳат мавжуд. У биринчи навбатда президент қабулхоналари туфайли одамларда муаммоларни самаралироқ ҳал этиш имконияти пайдо бўлганини қайд этди. Шунингдек, сиёсий фаолларнинг озод қилиниши ва маҳаллий ОАВ фаолиятидаги ўзгаришлар ҳам эътибордан четда қолмади.

Шу боис HRWнинг Ўзбекистон ҳақидаги сўнгги ҳисоботлари икки йил илгаригисидан анча фарқ қилади.

«Тилга оладиган ижобий жиҳатлар бор. Биз янги ҳукумат ва фуқаролар орасидаги бўшлиқ камайиб бораётганлигини кузатмоқдамиз. Бу жараёнга айниқса президентнинг виртуал қабулхонаси катта таъсир кўрсатмоқда», — деди суҳбатдош.

Свердлов Ўзбекистон ҳукумати халққа қулоқ сола бошлади, деб ҳисоблайди. Президентнинг амалдорлар халққа яқин бўлиши ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланишлари кераклиги ҳақидаги сўзлари давлат раҳбарининг ҳокимият вакиллари қандай ишлашлари лозимлиги ҳақида яққол қарашга эга эканлигини кўрсатади.

«Бу ҳақда илгари ҳам гапирилган, лекин ҳозир амалда кўринмоқда», — деди у.

HRWнинг ҳисоботига кўра, кейинги 14 ой давомида Ўзбекистонда 16 нафар сиёсий фаол қамоқхоналардан озод қилинган. Бу олдинга силжиш деб баҳоланмоқда.

«Бу аҳамиятга эга рақам. Биз ҳукумат билан «сиёсий маҳбус» атамаси борасида ҳам мулоқотга киришганмиз. Бу ҳукумат учун нозик масала эканлигини тушунамиз, лекин улар мана шундай мавзу бўйича ҳам биз билан мулоқот олиб бораётганидан мамнунмиз. Бу суд тизимини кузатиб бораётган инсонларга умид бағишлайди», — деди Свердлов.

Ташкилот олдинга силжиш бўлаётганини кўраётган учинчи соҳа бу долзарб мавзуларни ёрита бошлаган ОАВ фаолиятидир. Масалан, жонли эфирларда пахта теримида мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги ҳақида кўрсатувлар берилди.

Танқидий овоз

HRW ўзининг мустақил мақомга эга эканлигини, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тадқиқотларга халал бериши мумкинлиги боис ҳеч қандай ҳукумат тузилма томонидан молиялаштирилмаслигини таъкидлайди.

«Бизнинг офисимиз Нью-Йоркда жойлашган, лекин биз Америка ташкилоти эмасмиз, биз ҳақиқатан Америка ёки бошқа давлат ҳукуматидан мустақил ташкилотмиз ва инсон ҳуқуқлари ҳақида бонг урувчи танқидий овоз бўлиб қоламиз», — деди суҳбатдош.

HRW офиси

Мулоқот ўрнатилганидан сўнг ташкилот сермаҳсул ҳамкорлик давом этишига умид қилмоқда. Шу боис ҳамкорликда Олий суд қарори масаласи ўрганилмоқда.

Свердловнинг фикрича, турли учрашув ва музокаралар давомида Ўзбекистон ҳукумати HRWга мамлакатда мунтазам асосда фаолият олиб бориши учун имконият яратиб бериш борасида сиёсий иродасини намойиш этди.

Офиснинг очилиши янги сиёсий муҳитда қандай қарор қабул қилишни ўйлаётган бошқа ташкилотлар учун муҳим воқеа бўлади. Свердлов ҳар икки томон мавжуд тўсиқлар бартараф этилиши учун ҳамкорликда иш олиб боришига ишонч билдирди.