Ernst & Young Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи самарадорлигини ошириш бўйича дастлабки ҳисоботини тақдим этди

Ernst & Young Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи самарадорлигини ошириш бўйича дастлабки ҳисоботини тақдим этди

Буюк Британиянинг Ernst & Young (EY) аудиторлик-консалтинг компанияси Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи, шунингдек, Фарғона ва Андижон нефть базаларининг амалиёт самарадорлигини ошириш ҳамда чиқимларни қисқартириш бўйича олиб борган ишлари ҳақидаги дастлабки ҳисоботни тақдим этди. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати маълум қилди, деб ёзади Daryo.uz.

Ernst & Young ва «Ўзбекнефтмаҳсулотлари» АК ўртасида консалтинг хизматларини кўрсатиш бўйича шартнома имзоланган. Ўзаро ҳамкорлик доирасида 75 та ташаббус ишлаб чиқилиб, корхоналардаги масъул бўлимлар билан муҳокамалардан сўнг уларнинг 66 таси маъқулланди.

Маълумотда қайд этилишча, агар мазкур ташаббуслар муваффақиятли бажарилса, унинг йиллик самараси 102,6 миллиард сўмни ташкил этади. Уч йилда эса унинг иқтисодий самарадорлиги 232 миллиард сўмга етади. Мазкур ташаббусларни амалга оширишга 2,02 миллиард сўм сарфланади.

Британиялик мутахассислар ғоялари оптималлаштиришнинг беш асосий йўналиши—ишлаб чиқариш жараёнлари, техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, ишчи-ходимлар (персонал), транспорт ва таъминотга жорий этилади.

Маълумот учун, Ernst & Young компанияси ўз соҳасида дунёдаги энг йирик бренд ҳисобланиб, аудиторлик бўйича «кучли тўртлик» сафидан ўрин олган. Штаб-квартираси Лондонда жойлашган, дунёнинг 150 давлатида 728 та ваколатхонаси очилган.