Энергетикларни вояга етмаганларга сотганларга йирик миқдорда жарима солинади

Энергетикларни вояга етмаганларга сотганларга йирик миқдорда жарима солинади

Ҳукумат порталида энергетик ичимликларни реклама қилиш ва сотишни тартибга солишга оид қонун лойиҳаси чоп этилди.

Қонун лойиҳасига кўра, энергетик ичимлик деганда ноалкоголь, жисмоний ва ақлий фаолиятни кучайтирувчи, тоник кимёвий моддалардан иборат ичимлик тушунилади. Бундай ичимликларнинг рўйхати ва миқдори Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.

Ичимликни 18 ёшга етмаган шахларга сотишни тақиқлаш таклиф этилмоқда. Талаб бажарилмаган ҳолда, жисмоний шахсларга 5 дан 10 ЭКИҲгача, юридик шахсларга 7 дан 15 ЭКИҲгача жарима белгиланади.

Бундан ташқари, энергетикларни рекламаси бўйича ҳам қатор чекловлар киритилади. Қуйидаги рекламалар тақиқланади:

• 7:00 дан 22:00 гача электрон кўринишда талқин қилинувчи;
• 18 ёшга етмаган шахслар орасида совға тариқасида тарқатилиши;
• асосан болалар ва ўсмирларга мўлжалланган нашрларда чоп этилиши;
• матбуот нашрларининг олд ва сўнгги саҳифаси ҳамда телерадиодастурлар саҳифасида чоп этилиши;
• тиббий, спорт, мактабгача таълим, умумий таълим муассасаларида, умумий йўловчи транспорт воситаларида тарқатилиши.

Бу каби маҳсулот тарқатилган тақдирда ҳам, унинг этикеткасида энергетикни ҳаддан зиёд истеъмоли қандай зарарга олиб келиши, шунингдек истеъмол қилиш тақиқланган ҳолатлар бўйича кўрсатмалар бўлиши лозим. Рекламада ичимликнинг жисмоний ва ақлий фаолиятни ошириши, унинг самаралилиги хақида маълумот бўлиши мумкин эмас.

Шунингдек, вояга етмаганлар орасида энергетик маҳсулот белгиси туширилган мерчендайзер (футболка, бош кийим, ўйинлар)нинг тарқатилиши ва турли хил тадбирларнинг ташкил этилиши ман этилади.