Дейл Карнеги бахтли турмушнинг 7 қоидасини ўртоқлашади

Дейл Карнеги бахтли турмушнинг 7 қоидасини ўртоқлашади

Биринчи қоида: Рашк эвазига умр йўлдошингизга беҳуда озор берманг!

Наполеон Бонапартнинг жияни, Француз императори Наполеон III дунёдаги энг гўзал аёл — Тебск графининг қизи Мария Евгения Игнасия де Монтихони севиб қолади ва унга уйланади.

Кўп ўтмасдан Евгения рашк ўтида, шубҳалар азобида қийналар ва бир қадам ҳам эрининг ёнидан жилмасди. Эри давлат ишлари билан банд пайтларида ҳам хонасига бостириб кирар, муҳим учрашувлар ва суҳбатларини барбод қиларди. “Бошқа аёл билан юриб кетади” деган хаёлга бориб, эрини бир нафас ҳам ҳоли қўймасди.

Иш шунга бориб етдики, Наполеон кечалари ўзининг содиқ дўсти билан биргаликда девордаги яширин бир эшикдан юзига шляпасини бостириб кийган ҳолда кўчага чиқиб кета бошлади. У ҳақиқатан ҳам ўзини кутаётган бир гўзал аёл ёнига, ёки бўлмаса, шунчаки, тунги кўчанинг соф ҳавосидан тўйиб нафас олиш учун чиқиб кетарди.

Шайтон ўйлаб топган энг ўткир оғулардан бири бу — рашкдир. У қора илоннинг заҳридек ҳамиша ўлдиради.

Иккинчи қоида: Севинг ва раъйига қаранг!

“Ҳаётимда кўп хатоларга йўл қўярман, лекин асло севиб уйланмайман!” деган экан Дизраэли.

У ўттиз беш ёшида эллик яшар, сочига оқ оралаган, бой-бадавлат бир бева хотинга дил изҳор қилди. Унинг севмаслигини аёл ҳам биларди. Бойликларига эга бўлиш учунгина уйланаётганини ҳам биларди. Шунинг учун ҳам аёл унинг феъл-атворини ўрганиш мақсадида “Бир йил кутиб турасиз!” деб шарт қўйди ва бу муддат тугагач, унга эрга тегди.

Дизраэлининг никоҳи дунёда энг тўғри ва омадли никоҳлардан бири бўлиб чиқди.

Қанчалар калтабин ва вайсақи бўлмасин, Дизраэли уни одамлар  ёнида ҳеч қачон танқид қилган эмас. Бирон марта ҳам хотинини айбламаган, бордию кимдир танқид қилмоқчи бўлса, дарров ёнини олган.

Ўз навбатида Мэри Энн ҳам Дизраэли ҳаётида энг азиз одами эканлигини ҳеч кимдан яширмаган. Бу қандай натижа берди? Мэри Энн дўстларига доимо: “Унинг меҳрибонлиги туфайли менинг умрим туганмас бахтга айланди” дер эди.

Мэри Энн фаришта эмасди, албатта. Аммо Дизраэлининг уни эркин қўйиш кераклигига ақли етарди.

Учинчи қоида: Бефойда танқид қилманг

Уильям ва Кэтрин Гладстонлар эллик тўққиз йил биргаликда меҳр муҳаббат ва садоқат билан яшадилар. “Жулдурвоқи эркак, чапани хотин, Шодлик ва қайғуда доим биргамиз” дея қўшиқ айтиб, рафиқасининг қўлини маҳкам қисганича вальсга тушаётган Англиянинг машҳур Бош вазири Гладстонни тасаввур қилишни жуда ёқтираман.

Жамоат ишларидаги ёвуз рақиб Гладстон ўз оила аъзоларини ҳеч қачон танқид қилмаган. У эрталаб нонушта қилгани чиққанида оиланинг бошқа аъзолари ҳали ухлаб ётишган бўлсалар, ўз норозилигини билдиришнинг жуда мулойим йўлини топарди. Баланд овозда ёлғизлик ҳақидаги қўшиқни куйлай бошлар, бу билан Англиядаги энг банд одамлардан бири айни пайтда ёлғиз нонушта қилаётганини билдириб қўярди. Аммо оилада ҳеч кимни танқид қилмасди.

Бахтсиз никоҳлар сабабларини ўрганиш масаласи бўйича америкалик машҳур мутахассис Дороти Дикснинг таъкидлашича, бахтсиз никоҳлар барча никоҳларнинг эллик фоиздан кўпроғини ташкил қиларкан. Ва ажралишга олиб келадиган бош сабаблардан бири жонга тегадиган бефойда танқид экан.

Тўртинчи қоида: Ҳурмат – бахт калити

Қайсидир газетадан бир ривоятни қирқиб олиб қўйибман. Унинг мазмуни тубандагича: кечқурун ишдан чарчаб келган деҳқонлар олдига ошпаз аёл овқат ўрнига бир боғ пичан қўйиб кетади. Деҳқонлар ҳайратланиб: “Жинни бўлганми бу аёл?” дейишибди. Шунда ҳалиги аёл: “Эътибор бермассизлар, деб ўйлабман. Ахир йигирма йилдан бери сизларга овқат пишириб бераман, аммо шу пайтгача биронтангиз пичан эмас, овқат еяётганингизни бир сўз билан билдириб қўймадингиз-ку!” деган экан.

Олий табақага мансуб француз болаларига бир кечада бир неча маротаба аёлларнинг чиройли кўйлаги ёки шляпасини мақташни ўргатишади. Эллик миллион французлар бу масалада асло янглишмайдилар!

Демак, оилавий турмушингизни бахтли қилай десангиз, энг муҳим ҳисобланган тўртинчи қоидага амал қилинг: Бир-бирингизга самимий миннатдорчилигингизни билдириб туринг!

Бешинчи қоида: Эътибор – аёллар учун энг аҳамиятли нарса

Гул совға қилиш учун хотинингиз касалхонага тушишини ёки туғилган куни келишини кутиш шартми? Эртагаёқ кечқурун унга бир неча атиргул олиб борсангиз бўлмасмикан? Ё синаб кўрасизми? Бўлмаса, худди шундай қилинг! Нима бўлишини ўшанда кўрасиз!

Аёллар, одатда, туғилган кун, никоҳ кечаси каби саналарга жуда эътибор берадиларки, бу биз учун доимо сир бўлиб қолади. Ўртаҳол одам бир умр яшаб, кўп саналарни билмай ўтиши мумкин. Аммо, хотинининг туғилган куни, тўйи бўлган кунни унутмаслик керак!

Қирқ минг оилавий жанжалларни кўриб чиқиб, икки минг эр-хотинни яраштирган чикаголик судья Жозеф Саббат фикрича, “кўпгина жанжаллар майда-чуйда нарсалардан келиб чиқади. Айтайлик, эрталаб эр ишга кетаётганида унга хотинининг хайрлашаётиб қўл силтаб қўйиши ҳам кўпгина жанжалларнинг олдини олади.”

Олтинчи қоида: Мулойим муомала

“Хушмуомалалик, -дейди Ҳенри Клейн Ризнер, -қалбнинг шундай фазилатики, бунда синиқ эшикка эмас, унинг ичкарисидаги гулга назар солинади.”

Ёш келинлар ўз куёвлари билан ҳам бошқа бегона одамлардек мулойим муносабатда бўлганларида эди! Ҳеч қандай жанжалга ўрин қолмасди! Қўполлик — муҳаббатни еб тугатади.

Нега эрлари мулойим муомала қилмай, қаттиққўллик ва қўполлик қилишларининг сабабини аёллар ҳеч тушунолмайдилар.

“Бултурги кўйлагингда сен жуда дилбар кўринасан” деган бир оғиз гап билан хотини ўша кўйлагини энг сўнгги модада тикилган янги кўйлакка ҳам алмашмаслигини ҳар бир эркак билади. Ҳар бир эр биладики, кўзларидан бир ўпиш билан хотинни анча вақтгача кўзларини ёпиб, кўршапалакдек қилиб қўйиш ёки лабларидан бўса олиш билан уни худди балиқдек лол қилиб қўйиш мумкин.

Еттинчи қоида: Жинсий муносабат

Лос Анжелосдаги Оилавий  муносабатлар институти раҳбари сифатида Пол Попеноу минглаб эр-хотинларнинг турмушини ўрганиб чиқди. У оилавий турмуш соҳасидаги етук мутахассислардан биридир. Пол Попеноунинг фикрича, ажралишларнинг сабаби асосан тўртта бўларкан. Булар тубандаги тартибда:

  1. Жинсий келишмовчилик. 2. Бўш вақтни қандай ўтказиш борасидаги келишмовчилик. 3. Моддий қийинчилик. 4. Руҳий, жисмоний ва ҳиссий бузилишлар.

Эътибор беринг, жинсий муносабат биринчи ўринда турибди, моддий қийинчилик эса, ҳайрон қолгудек, учинчи ўринда.

Умумий гигиена бюросининг бош котиби доктор Кэтрин Бимент Дэвис бир вақтлар турмуш қурган минглаб аёллар билан интим масалалар хусусида очиқчасига суҳбатлашган. Натижа жуда ҳайратланарли бўлиб, ўртаҳол америкаликлар жинсий муносабатдан қониқмасликларини кўрсатган. Ўша минглаб аёллардан олинган жавобларни чуқур ўрганиб чиқиб, доктор Дэвис хулоса қиладики, АҚШда ажралишларнинг бош сабабларидан бири эр-хотинларнинг жисмонан номутаносиблигидир.

Хўш, ҳаммаси кўнглдагидек бўлиши учун нима қилмоқ керак?

“Энг яхши йўли, -дейди доктор Баттерфильд,- бу тўғрида жиддий ёзилган яхши китобларни топиб ўқишдир.”

Интернет манбаалари асосида қисқартириб тайёрланди.