Эксперт: Ўзбекистонда АЭС қурилишининг салбий оқибатлари бўйича хавотирлар асоссиз

Эксперт: Ўзбекистонда АЭС қурилишининг салбий оқибатлари бўйича хавотирлар асоссиз

Ўзбекистонда Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси билан ҳамкорликда қуриладиган атом электр станцияси ҳар бирининг қуввати 1,2 минг мегаватт бўлган иккита энергия блокидан иборат бўлади, бу бутун Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг 18-20 фоизини ташкил этади, деди Ўзбекистон Фанлар академияси Ядровий физика институти директори ўринбосари Илҳом Содиқов.

«АЭС фойдаланишга топширилиши натижасида йилига 3,7 миллиард куб метр табиий газ тежалади. Бу эса электр энергияси олиш учун углеводород хомашёсини ёқиш ўрнига, уни қайта ишлаб даромадни бир неча баробарга оширадиган юқори қўшимча қийматли рақобатбардош маҳсулот олиш имконияти пайдо бўлади дегани», – дея Содиқовнинг сўзларини келтирган «Интерфакс-Азербайджан».

«Мамлакатда экологик тоза ва иқтисодий манфаатли тинчлик мақсадидаги атом энергетикасининг яратилиши энергетика ресурсларига бўлган ички эҳтиёжнинг кафолатли таъминланиши, унинг экспорти ошиши учун муҳим аҳамият касб этади», – деб таъкидлаган у.

Илҳом Содиқов Ўзбекистонда электр энергияга бўлган эҳтиёж йилига 69 млрд кВт/соатни ташкил этишини билдирган. Бунча ҳажмдаги энергияни олиш учун йилига 16,5 млрд куб метр табиий газ, 86 минг тонна мазут ва 2,3 млн тонна кўмир сарфланади.

Содиқовнинг таъкидлашича, «ривожланиш бўлгани сари келгусида бу рақамлар фақат ортиб боради». У 2030 йилга келиб мамлакатда электр энергиясига бўлган эҳтиёж йилига 117 млрд кВт/соатга етишини айтди.

Олимнинг фикрича, мана шу ҳисоб-китоблар мамлакат президенти ташаббуси билан атом энергетикасини яратиш бўйича ташкилий-техник тадбирлар бошланишига асосий сабаблардан бири бўлган. У шу билан бирга атом станцияларининг хавфли эканлиги ва уларнинг атроф-муҳитга салбий таъсири ҳақидаги хавотирлар асоссиз эканлигини билдирган.

«Барча хавотирлар ҳеч қандай асосга эга эмас. Аслида тинчлик мақсадларида атом энергетикасидан фойдаланиш ҳам иқтисодий, ҳам экологик нуқтаи назардан жуда самарали. Экологияга зарари камлиги боис бежизга уни «яшил энергетика» деб аташмайди, – деди Содиқов.

Олим АЭСнинг экологияга таъсири иссиқлик ёки гидроэлектростанцияникига нисбатан жуда камлигини айтди. У шунингдек, Ўзбекистонда 85 фоизга яқин электр энергияси газ ва кўмирни ёндириш йўли билан олинишини эслатиб ўтди. Бу фойдали қазилмалар захираси йилдан-йилга камайиб боради ва табиийки, уларнинг нархи ошади.

Агар углеводород хомашёси ёрдамида олинадиган электр энергияси таннархида ёқилғи нархи 65-70 фоизини ташкил этадиган, ядровий ёқилғи таннархида уран нархи атиги 4-5 фоизни ташкил этади. Бу нарх ўнлаб йиллар давомида ўзгармаслиги мумкин, бу эса энергия таннархига таъсир бўлмайди дегани. Шу нуқтаи назардан бугунги кунда АЭС энг арзон энергия манбаи ҳисобланади. Бу энергия ИЭС билан солиштирганда 1,5-2 марта, қуёш энергиясидан эса 5 бараварга арзон тушади.

Ўзбекистон «Росатом» давлат корпорацияси билан атом электр станцияси қурилиши ҳақида келишувга эришгани ва АЭС 2028 йилга қадар фойдаланишга топширилиши режалаштирилгани хабар қилинганди.

«Росатом» давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачев Ўзбекистон раҳбариятига асосланиб, республикадаги биринчи атом электр станцияси Навоий вилоятида қурилиши мумкинлигини маълум қилганди.

Манба: Kun.uz