Бахтли турмуш: унга қандай эришиш мумкин?

Бахтли турмуш: унга қандай эришиш мумкин?

Оилани кўпинча қайиқ билан солиштиришади. Қайиқ каби оила ҳам сув ёқалаб ёки сув оқимига қарши сузиб юради. Оилани ҳам бўронлар ва ёмғирлар қийнаб туради. Ушбу давр оила кризис даври деб аталади. Кризис даври ҳамма оилаларда ҳар хил кечиб, кризисдан оилани сақлаб оилани бузилиб кетишига йўл қўймай, янги босқичга ўтиш эрга ва хотинга боғлиқ.

Кўпинча биринчи кризис турмушнинг биринчи йилидаёқ юзага келади. Мазкур муаммо тўйдан олдинги романтика ўтиб турмуш қийинчиликлари билан курашаётган эр-хотиннинг бир бирларини тушунмаслигидан, кутган орзулари амалга ошмаганлигидан пайдо бўлади.

Иккинчи кризис биринчи бола туғилганида содир бўлади. Бунда оилада янги инсон ва унинг эҳтиёжи ҳам бор эканлиги эр-хотин ҳаётида катта ўзгаришлар туғдириб, бошидан янгича муносабат қуришни талаб этади.

Албатта ҳаёт давомида оилалар турли ташқи ва ички таъсирлар натижасида кризисга учрайдилар, бундан ҳеч ким мустасно эмас. Лекин кризисдан енгил чиқиш, уни тезроқ йўқ қилиш, кризисдан кейин янада бахтлироқ яшай олиш ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди.

Психолог, социолог, қолаверса бахтли оилаларнинг таъкидлашига кўра, оиланинг бахтли бўлиш тамойиллари қуйидагича:

1. Доим турмуш ўртоғингиз билан ўзингизни қийнаётган нарсалар ҳақида гаплашинг (ичингизга ютманг) ва уни эшита билинг.

2. Турмуш ўртоғингиз камчиликларига сабрли бўлинг, ахир сизда ҳам камчиликлар йўқ эмас.

3. Алдаманг, самимий бўлинг.

4. Турмуш ўртоғингизга ишонинг, унинг озодлигини чекламанг.

5. Уй юмушларини бўлиб олинг.

6. Турмуш ўртоғингиз фикрини ҳурмат қилинг, ўзингизга ўхшатишга ҳаракат қилманг.

7. Турмуш ўртоғингиз феълини қадрланг, шундайлигича қабул қилинг, айнан ўша сизда йўқ бўлган фазилатларни ҳурмат қилинг.

8. Қадриятларингиз ҳақида гаплашинг, оилавий тарихингиз билан бўлишинг, умумий қадриятларни яратинг.

9. Дўст бўлинг, бир бирингизни бахтиёр қилишга ҳаракат қилинг (оилада фақат муҳаббат бўлиб дўстлик бўлмаса, бундай оилаларда узоқ бахтиёр ҳаёт бўлиши қийин, эр- хотин бир-бири билан дўст каби меҳрибон ва ҳурматда бўлиши керак).

10. Бир-бирингиз билан гаплашинг (фақат муаммолар билан чегараланиб қолмайдиган, яхши ҳаёт кечираётганлигингиз ҳақидаги суҳбат оилага бирлик келтиради).

11. Жинсий алоқада гармония. Бир-бирингизни доим ҳурсанд қилинг, жинсий алоқа билан мунтазам равишда шуғулланинг, эҳтиёжларингиз ҳақида гапиринг.

12. Бир-бирингиздан дам олиб туринг (сафарлар, дугона ва дўстлар билан учрашувлар, ота-онаникига бориб келиш).

13. Умумий режалар қилинг.

14. Келажакни чиройли қилиш учун умумий орзулар яратинг.

Мақола ёққан бўлса, дўстларингиз билан бўлишинг!

Манба: Uzbaby.uz