2020 йилда муваффақият учун зарур бўладиган 10 касбий кўникма

2020 йилда муваффақият учун зарур бўладиган 10 касбий кўникма

Бугунги тараққиёт замонида бирор ишда муваффақият қозониш учун олдинги асрдаги каби иқтидорли бўлишнинг ўзи кифоя қилмай қолди.
Жорий йилнинг январь ойида Швейцариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон Иқтисодий Форумида кейинги 5 йилда мутахассислардан талаб қилинадиган кўникмалар рўйхати эълон қилинган эди.
Бу кўникмалар мияни чиниқтириб, инсонни ўзининг энг кучли ички жиҳатларини рўёбга чиқаришга мажбур қилади. Бу тўғрида «Ҳаётни ўзгартиришнинг 100 хил йўли» номли бестселлер китобида батафсил мулоҳаза юритилади.
Хўш, шундай қилиб, 2020 йилга келиб ҳар бир ходимдан қайси кўникмаларга эга бўлиш талаб қилинишини қуйида кўриб чиқамиз.

1. Мураккаб муаммоларни кўп ечимли даражада ҳал қилиш (Complex problem solving) кўникмаси.
Тасаввур қилинг: шифокорга келган бемор ўзидаги ортиқча вазндан шикоят қилади. Ёмон шифокор, табиийки беморга «Мана сизга парҳез. Унга амал қилинг», дейди. Яхши шифокор эса муаммога максимал ечим топишга уринади — у бу вазиятда фақат парҳез ёрдам бера олмаслигини тушунади, беморнинг кундалик турмуш тарзи билан танишади, муаммони яқиндан ўрганади. Мана шу муаммога комплекс ечим топиш кўникмасига эга мутахассисга мисол.
Айниқса, бу талаб биринчи навбатда бошқарув тизими ходимлари учун юқори қўйилади.

2. Танқидий фикрлаш (Critical thinking).
Бу шундай кўникмаки, у ҳатто эгаси олдига мавжуд қоида ёки аниқ-равшан кўриниб турган воқеликка нисбатан 100 фоизлик ишончга ҳам шубҳа билан қараш шартини қўяди. Ҳа, камдан-кам бўлса ҳам, шубҳа жараён ривожи учун ҳам хизмат қилади. Альберт Эйнштейн айтганидек, муваффақият қозонишда ҳаммаси жуда оддий: барча бирор ишни бажариш имконсиз деб турганида бир жасур одам келадида, уларнинг фикрига шубҳа билан қараб, ўша ишни уддалайди.

3. Кенг қамровда ижодий фикрлаш (Creativity).
Креативлик — ижодий ёндашув даражаси жуда кенг бўлган кўникма. Жаҳондаги барча муваффақиятли инсонлар, бизнесменлардан тортиб рассомларгача шу кўникма сабаб кўзга кўринганлар. Креативлик — бу ҳали ноаниқ нарсани ноанъанавий, ўзига хос тарзда тасаввур қилишни англатади.
Рассом ва ҳайкалтарош Микеланжелодан Давиднинг ҳайкалини бу қадар шукуҳли ва мукаммал яратишига нима сабаб бўлганини сўрашганида, у шундай жавоб берган: «Мен улкан мармар ичида қафасдаги қуш мисол фариштани кўрдим ва уни озод қилишни истадим». Мана шу ишга ижодий ёндашиш дегани.

4. Одамларни бошқариш (People management) кўникмаси.
Физик Петр Капицанинг ажойиб фикри бор:
«Бошқариш — бу яхши ходимларга ишлашларига халақит қилмасликдир».
Сиз билган яхши раҳбарлар кўпми? Менимча, улар саноқли. Шу туфайли ҳам, бу кўникма баҳоси олтинга тенг.
Одамларни бошқариш — уларга бор салоҳиятларини намоён этишларига хизмат қиладиган шарт-шароит яратиб беришни англатади.

5. Одамлар билан ўзаро муносабат (Coordinating with others).
20-асрнинг миллиардери Эндрю Карнеги шундай деган эди: «Одамлар билан ишлаётганингда ўзингни қум орасидан тилла излаётган одамга қиёсла — топаётган тилла зарралари учун қувонгинда, бурнинг ва бўғзингни ачиштираётган қум ва чангни унут».
Иш жараёнида ҳар хил вазият бўлади. Ким биландир уришиб қоласиз, тортишасиз. Шунда ҳам унга бўлган инсоний муносабатингизни ўзгартирманг. Одамларнинг яхши жиҳатларига эътибор қаратиш ҳам муҳим кўникма.

6. Ҳиссий ақл-заковат (Emotional intellect).
1995 йилда Дэниэл Гоулман муаллифлигидаги «Ҳиссий ақл-заковат» китоби жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотган. Ҳиссий ақл-заковат назарияси, гарчи анча йиллар олдин айтилган бўлса ҳам, янгича қарашлар жам этилган китоб бозорда кўп ўтмасдан бестселлер даражасига етади. Атоқли олим Гоулман фикрларига кўра, ўз ҳисларини бошқариш ва бошқаларнинг ҳис-туйғуларини тушуниш ҳаётда муваффақият қозонишда муҳим роль ўйнайди.
«Википедия»да ҳиссий ақл-заковат қуйидагича изоҳланади: «Ҳиссий ақл-заковат — инсоннинг ҳисларни фаҳмлай олиш, фарқлай олиш, бошқаларнинг хоҳиш ва истакларини тушуниш ҳамда мақсад йўлида ўз ҳисларини ва бошқаларнинг ҳисларини бошқара олиш кўникмаси».
Ҳиссий ақл-заковат қаҳр-ғазаб туфайли вазиятни янада мураккаблаштиришни олдини олади, масалага холис ёндашиб, аниқ ҳаракатланишга ёрдам беради. Уйда ёки оилада вазият таранглашса, бу ишингизга ҳам таъсир қилади.
Натижада, раҳбарга билиб-билмасдан қўпол гапириб юборасиз. Сизнинг ҳолатингизни тўғри тушунган раҳбар эса, ишдан бўшатиш ўрнига сизга ўша куни дам олишга рухсат бериб, кинога бориш ёки оилавий тамадди қилишни тавсия қилади. Ажойиб ёндашув, шундай эмасми? Мана буни ҳиссий ақл-заковатга эга раҳбар дейиш мумкин.

7. Қарор қабул қилиш ва хулоса ясаш (Judgment and decision-making).
Қарор қабул қилиш — мақсадга етиш ёки муваффақиятсизликка учрашга сабабчи бўладиган охирги нуқта. Шу сабабли ҳам, кўпчилик иккиланади.
Йўлбошчи қанчалар кучли бўлса, унинг қарорлари ҳам шу қадар мақсадли ва самарали бўлади. Қарор қанчалик мустаҳкам бўлса, лидер ҳам шу қадар масъул бўлади. Америкалик олим Питер Друкер айтгани каби, муваффақиятли бирор ишга дуч келсангиз, билингки бу кимнингдир жасурлик билан қилган мулоҳазали қарорининг натижаси.

8. Хизмат кўрсатиладиган аудиторияни (Service orientation).
Минглаб изоҳлардан кўра, бунга бир мисолни келтириб ўтамиз. Америкалик Крис исмли киши меҳнат таътили мобайнидаги саёҳат чоғида оиласи билан Ritz-Carlton меҳмонхонасида тўхтаб ўтади.
Оила саёҳатдан қайтгач, ўғилларининг севимли ўйинчоғи бўлмиш жирафа Жоши меҳмонхонада қолиб кетгани маълум бўлади. Албатта, бу болакайни қаттиқ хафа қилади. Крис эса ўғлига жирафа Жоши яна бир неча кун меҳмонхонада қолишга қарор қилгани, тез орада етиб келишини айтади.
Бу орада эса меҳмонхона ходимлари жирафани топиб олишади. Крис билан гаплашгач, унга баобрў мижозга хизмат кўрсатилаётган ҳолатдаги суратларни олишади. Ҳатто, шу баҳона бўлиб Ritz-Carlton’да меҳмонхона бизнесида илк маротаба ўйинчоқлар номига алоҳида хона расмийлаштирилади. Суратларни эса жирафа Жошига қўшиб уйга юборишади.
Мана буни мижоз таклиф ва эҳтиёжларини ўрганиш, улар учун қайғуриш, хизматларни шунга кўра оптималлаштириш дейилади.

9. Музокара олиб бориш (Negotiation) кўникмаси.
Раҳбар ёки масъул шахс сифатида келишувлар қилиш, ўзаро муносабатларда аниқ ва тиниқ режаларни белгилаб, қатъийлик билан иккинчи томонга буни тушунтириш, бирор масала юзасидан розилик олиш осон эмас.
Музокара олиб бораётганда иккинчи томоннинг нигоҳига тик боқиб, кези келганда жиддий ёки мулойим, аммо самимий оҳангда сўзлаш керак. Сизнинг бу жараёнда қатъий, мулоҳазали одам сифатида таассурот қолдиришингиз ишнинг осон ва кўнгилдагидек битишига хизмат қилади.

10. Когнитив мослашувчанлик (Cognitive flexibility).
Содда тилда тезкор солиштириб, аниқ фикрлаш дейиш мумкин. Когнитив мослашувчанлик — ақлнинг бир фикрни бошқаси билан чоғиштира олиш, бир вақтнинг ўзида масаланинг бир неча томонини мулоҳаза қила олиш кўникмаси.
Қуйидаги таниқли Струп тести ёрдамида сиз ўзингиздаги билишга мойилликни имтиҳон қилишингиз мумкин. Бу жуда оддий. Қуйидаги сўзлар ёзилган ранг номларини тезкорлик билан айтинг.

Струп

Хулоса
Мана шулар сиз 2020 йилга қадар эга бўлишингиз лозим бўлган кўникма ва қобилиятлардир. Буларнинг ярми феъл-атвор, одамлар билан муомала қилиш, уларни тинглаш ва тушуниш билан боғлиқ бўлса, қолган ярми миянинг салоҳияти билан боғлиқ: тезкор фикрлаш, тасаввур қилиш, моҳиятни англаш, муаммони ҳал қилиш, янги ғояларни илгари суриш.
Буларга ҳозир ҳам ҳар бир ходим эга бўлиши керак. Аммо, яқин келажакда улар зарурий талабга айланади. Шу вақтга қадар истеъдодли рассом энг зўр ҳисобланган бўлиши мумкин. Аммо, ҳозир рассом ҳам чизишни, ҳам фотошоп кўникмасини билса, бу — янада яхши.
Нима бўлганда ҳам, доимо идрок қила олиш ва тушуниш кўникмаси инсоннинг бош сифати бўлиб қолаверади.

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/uzerkak